Янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган нормаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги ва “Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Гап шундаки, пенсияларнинг энг кам миқдори белгиланган энг кам истеъмол харажатларидан кам бўлмаслиги кўзда тутилмоқда. Шунингдек, фуқароларга Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали пенсия тайинлаш учун мурожаат қилиш ҳуқуқини яратиш белгиланмоқда.
Мазкур имкониятлар билан йилига 300 минг нафар фуқарога уйидан чиқмаган ҳолда, онлайн ёки ўзига қулай бўлган Давлат хизматлари марказлари орқали пенсия тайинланиши учун мурожаат қилиш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, Пенсия жамғармаси томонидан Халқ банкига ахборот тизими орқали электрон шаклда юбориладиган фуқаронинг пенсионерлиги хақидаги маълумотлари асосида унга жамғариб бориладиган пенсия тизимидаги тўловларини олиш ҳуқуқини яратиш кўзда тутилмоқда.
Ушбу тартибларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида муҳокама қилинди. Депутатларнинг таъкидлашича, қонун лойиҳасининг қабул қилишини аҳолининг электрон давлат хизматларидан мустақил фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга, шунингдек, ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали пенсия тайинланган кекса ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ўзларининг жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақларида йиғилган маблағларини олишлари бўйича қулайликлар яратилишига хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш бўйича асосли таклифларни билдириб, уни қабул қилдилар.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА