Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пенсия — ишонч ва масъулият рамзими? Бу очиқ мулоқотда муҳокама этилди
15:30 / 2025-09-09

Сирдарё вилоятида ҳар ойда юз мингдан зиёд фуқаро пенсия олади. Бу маблағ улар учун шунчаки иқтисодий таъминот эмас, балки ҳаётдаги барқарорлик ва ишонч рамзи ҳисобланади. Нуронийлар пенсиясини олиб, фарзандлари ва набиралари даврасида тинч-тотув кун кечирса, меҳнатга лаёқатини йўқотганлар давлат ҳимоясини ўз ҳаётида ҳис қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг Сирдарё вилоят бошқармаси ОАВ ва жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда жамғарма бошлиғи Дилмурод Садуллаев 2025-йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Унинг таъкидлашича, соҳадаги натижалар фақат рақамларда эмас, балки инсон тақдирларида ҳам яққол кўзга ташланмоқда.

– Пенсия тайинлаш ва уни ўз вақтида тўлаб бериш орқали биз нафақат иқтисодий мажбуриятни, балки ҳар бир оиланинг турмуш фаровонлиги учун масъулиятни ҳам зиммамизга оламиз, – деди у. – Жорий йилда 3,5 мингдан зиёд фуқарога пенсия тайинланди. Уларнинг орасида ҳаётнинг оғир синовларини бошидан кечирган ногиронлар ҳам, боқувчисини йўқотган ёш оилалар ҳам, ёши улғайган нуронийлар ҳам бор.

Мулоқотда қайд этилганидек, март ойидан пенсиялар проактив тарзда тайинлана бошлади. Яъни фуқаро ариза ёзиб юрмасдан, тизимнинг ўзи унинг ҳуқуқини аниқлаб, пенсияни расмийлаштириб беради. Бу жараёндан аллақачон юзлаб сирдарёликлар баҳраманд бўлди. Пенсия таъминотида шаффофликка эришишда рақамлаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳозиргача 6,5 мингдан зиёд боқувчисини йўқотганлик ҳолати рақамлаштирилиб, кўрсаткич 98,5 фоизга етди. Демак, ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи аниқ ва ҳисобли бўлиб бормоқда.

Шунингдек, мулоқотда энг долзарб масалалардан бири — коррупциянинг олдини олиш бўлди. Йил бошидан буён ўтказилган 26 та тарғибот тадбири орқали телевидение, радио, матбуот ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб — аҳолига тизимдаги янгиликлар ҳамда оддий фуқароларнинг ҳуқуқлари очиқ ва тиниқ тарзда етказиб борилди.

Фуқаролар билан бевосита мулоқотга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллаларда 185 марта сайёр учрашув ўтказилиб, нуронийлар, боқувчисини йўқотган ёш оналар ва меҳнатга лаёқатини йўқотган кишилар ўз саволларига жавоб олишди, ҳуқуқий ва амалий ёрдамдан баҳраманд бўлишди. Айни пайтда мурожаатлар сони ўтган йилга нисбатан 21 фоизга камайгани аҳолининг тизимга ишончи ортаётганидан далолат бермоқда.

Бугунги кунда Сирдарё вилоятида 106 мингдан зиёд фуқаро пенсия олади. Жорий йилнинг олти ойи мобайнида уларга қарийб 940 миллиард сўм маблағ тўлаб берилди. Бу ўтган йилга нисбатан сезиларли кўп — 67 миллиард сўмдан ортиқ.

Очиқ мулоқот қизғин савол-жавоблар тарзида ўтди. Журналистлар ва жамоатчилик вакиллари мутасаддиларга саволлар бериб, зарур маълумотларни олишди. Энг муҳими, мазкур учрашув пенсия тизимида очиқлик ва ҳисобдорлик янада мустаҳкамланаётганини кўрсатди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири