Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пенсионерлар ҳам кафилсиз кредитлардан фойдаланиши мумкинми?
07:50 / 2022-05-06

Пенсия инсоннинг ўз келажаги, кексалик даври учун меҳнати эвазига киритган инвестициясидир. Шу боис, пенсия таъминоти, нафақалар тайинлаш билан боғлиқ ҳар қандай янгилик ва ўзгариш аҳоли учун ҳамиша қизиқ ва долзарб мавзудир.

Бугун аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш мақсадида бир қатор чора– тадбирлар амалиётга кенг тадбиқ этилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя тизимида жорий этилаётган янгиликлар юзасидан Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи  Нозимжон Жўраев қуйидагиларни маълум қилди.

-  Тараққиёт стратегиясининг ижтимоий ҳимоя йўналишида пенсия ва нафақалар миқдорини мунтазам равишда ошириб бориш кўзда тутилган,  - дейди  Н.Жўраев. - Бугунги кундаги глобал аҳамиятга эга бўлган масалалардан бири ижтимоий ҳимоядир. Жорий йил учун давлат бюджети лойиҳасига кўра, иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақалар миқдорини ва айрим хизмат турлари бўйича тарифларни ошириш билан боғлиқ харажатларга 11,7 триллион  сўм йўналтирилиши режалаштирилган.

Соҳада ўзгаришлар талайгина. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 апрелдаги “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  фармонига мувофиқ, 2022  йил 1 майдан  ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик пенсиялари миқдори 12 фоизга оширилди.

Шунингдек, 1 июндан кейинги давр учун жисмоний шахс томонидан меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги ўз даромадларидан ишламайдиган турмуш ўртоғи учун ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаган давр иш стажига қўшиб ҳисобланиш  тартиби  йўлга қўйилди. 2005 йил 1 январдан аввалги даврлар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги (электрон меҳнат дафтарчасидаги) мавжуд ёзувлар асосида қўшимча тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади.

Бугун соҳадаги йиллар давомида ўз ечимини кутиб ётган муаммолар барҳам топмоқда.

Янги қонунлар  билан киритилаётган ўзгаришлар сабаб эндиликда кимгадир адашиб кўпроқ пенсия тўлаб келинган бўлса, буни қайтариш талаб қилинмайди. Амалда пенсионер вафот топгунга қадар ўтган кунлари учун тўланарди. Бугун пенсионер вафот этган ой учун олинмай қолган пенсия пули кўрсатиб ўтилган оила аъзоларига у вафот этган ой учун тўлиқ тўлаш тартиби жорий этилди.  

2022 йил 1 майдан бошлаб барча турдаги давлат пенсияларини, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан тўланадиган нафақалар, компенсациялар ва бошқа тўловларни ҳамда кам таъминланган оилалар учун болалар нафақаси ва моддий ёрдам пулини банк карталари орқали олувчиларга ҳар ойлик пенсия ва нафақа пулининг 1%и миқдорида қўшимча тўлов жорий қилинади.

Жорий йил октябрдан 18 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар ва одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касалликка чалинган 18 ёшгача болаларга тўланадиган нафақалар ҳамда парваришлаш нафақаси фуқаролардан қўшимча ҳужжатларни талаб этмаган ҳолда “проактив шакл”да тайинланади.

Пенсия ва нафақалар 12 фоизга оширилди. Энг кам пенсия оладиган 725 минг нафар аҳолининг пенсияси 14 фоизга оширилиб, 440 минг сўмдан 500 минг сўмга етказилди. Шунингдек, 9 май арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар маҳбуслари ва Ленинград қамалида бўлган фуқароларга 15 миллион сўмдан бериладиган бўлди.

Шу билан бирга, 1 июндан бошлаб уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларга ҳар ойда озиқ-овқат ва гигиена воситалари хариди учун уларнинг пенсия ва нафақаларига 270 минг сўм миқдорида устама тайинланади ҳамда уруш қатнашчилари ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексаларга ҳар ойда озиқ-овқат ва гигиена воситалари хариди учун уларнинг пенсия ва нафақаларига 270 минг сўм миқдорида устама тайинланади.

Амалиётга тадбиқ этилаётган ҳужжатларга кўра, болани парваришлаш таътилларида бўлиш вақтининг ҳаммаси жамланганда кўпи билан 6 йиллик даврни иш стажига қўшиб ҳисоблаш кўзда тутилмоқда. Илгари бу давр 3 йил эди. Қонунчилик ҳужжатларини ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида ушбу норма бир вақтнинг ўзида Меҳнат кодексида ҳам ўз аксини топмоқда.

Қонунда биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсга ёки 18 ёшгача бўлган (олдин 16 ёш эди) ногиронлиги бор болага, шунингдек (даволаш муассасасининг хулосасига кўра), ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган қарияларга қараб турилган вақт иш стажига қўшиб ҳисобланиши белгилаб берилди.

Яна алоҳида таъкидлаб ўтишим лозимки, МДҲ мамлакатларининг деярли барчасида боқувчисини йўқотганлик пенсияси 18 ёшгача, ўқиса, 23 ёшгача тўланади. Энди бу амалиёт юртимизда ҳам жорий этилмоқда. Бу эса қанчадан-қанча ёшларга ҳаётда муносиб ўрнини топиш имконини беради.

Кўпчиликни қизиқтирган яна бир муҳим маълумотни айтиб ўтмоқчиман. Пенсионерлар  учун ҳам ажратиладиган кредитлар мавжуд. Улар  Халқ банкининг таъминотсиз пенсия-овердрафт кредитидан фойдаланиши мумкин.  

Кредит суммаси  нафақа/пенсия миқдорининг 50 фоизигача, аммо 735 минг сўмгача (БҲМнинг 3 баробаригача) белгиланган. Пенсионерлар мазкур кредит турини  12 ой муддатга қадар  йиллик 14 фоиз ставкада,  шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини  тақдим этиб олишлари  мумкин. Шунингдек, уларда  тижорий кредитдан (микроқарз, истеъмол кредити, автокредит, ипотека кредити) фойдаланиш имконияти мавжуд. Бундай таклифларни, яъни пенсия ёшига тўлган фуқароларга истеъмол кредити, автокредит ва ипотека кредитларини ажратиш бўйича кўплаб хусусий тижорат банклари тақдим этишлари мумкин.

Бунда асосий талаб қарздор ва биргаликда қарз олувчиларнинг ойлик даромадлари кредит бўйича тўловларни тўлашда етарли, қарз юки 50-70 фоиздан ошиб кетмаслиги ҳамда ижобий кредит тарихига эга бўлиши зарур. Баъзи хусусий банклар қарз юки 50-70 фоиздан ошиб кетганда, биргаликда қарз олувчи ёки кафилнинг даромадлари бўйича ҳужжатларни талаб этиши мумкин.


Муҳайё Тошқораева ёзиб олди,  ЎзА