Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пекинда яшаган туркистонликлар
13:43 / 2021-09-17

Тарих зарварақлари

Ўрта асрларда Хитойда туркистонлик, арабистонлик ва эронлик бир қанча йирик мунажжимлар, астрономлар, географлар ва табиблар яшаган. Шулар қаторида Туркистондан борганлар салмоқли ўринни эгаллаган.

Жамолиддин Бухорий - Чжамолудинг

Хитойлар Чжамолудинг деб атаган бухоролик Жамолиддин етук астроном ва географ олим эди. У Хитойга Мункехон (1208–1259) даврида боради. Юань империясининг биринчи императори Хубилай Шизу даврида чуқур билими билан юксак обрў-эътибор топади. 

Жамолиддин Хитойга ўзи билан 20 дан ортиқ илмий китоб олиб борган эди. Шу боис у ерда туркий, араб, форс тиллардаги қўлёзма китоблар тўпланди.

1267 йилда Жамолиддин Бухорий Хубилайга «10 минг йил тақвими» – хитойча «ваннянли» деб аталадиган мусулмон тақвими ва астрономик асбобларни тақдим этган. 1271 йилда хоқоннинг ижозати билан Пекинда осмон жисмларини ўрганиш мақсадида расадхона қурган ва унга масъул ходим этиб тайинланган. Ва шу иши билан Пекинда Туркистон астрономия илмига таянган илм даргоҳининг ташкил топишига асос солган. 

1282 йилгача бўлган вақтда Жамолиддин Бухорий астрономия, география, математика фанларининг машҳур олимлари асарларини Пекинга олдириб келган. Уларни жамлаб, Хитой олимларининг асарлари билан таққослаш орқали янги асар ёзишга киришган. У шогирдлари ва унга ихлосманд илм аҳли ёрдамида бу ишини муваффақиятли бажарган. Янги асар хитой ва туркий тилларда битилган. Асар «Чжи Юань йитунгчжи» – «Юань даврида умумлаштирилган баён» деб номланган. Унинг туркий тилдаги номи манбаларда келтирилмаган. Ушбу асарда Хитой, Марказий ва Ғарбий Осиё ҳақидаги маълумотлар қамраб олинган.

Хитойлик олимлар ушбу асарнинг пайдо бўлишини «Хитойнинг заминшунослик тарихида мисли кўрилмаган воқеа бўлган», дейишади.

Камолиддин – Кэмаладинг

Жамолиддин Бухорий билан замондош бўлган Камолиддин ҳам астроном олим эди. 1278 йилда бу олим Пекинда Жамолиддин Бухорий томонидан барпо этилган расадхонанинг бошлиғи ёрдамчиси этиб тайинланади. Манбаларда келтирилишича, Аньси вилоятининг ҳокими Ананда талабига биноан, Камолиддин ҳар йили иккита мусулмон тақвимини тузиб, унга юбориб турган. Бу тақвимлар хитойчада «хуэйхуэй лири» деб номланган бўлиб, улар Туркистонда ишлаб чиқарилган қоғозларга битилган.

Муҳаммад Бухорий – Махама Бухаларен

Астрономия билан шуғулланган бу олимнинг Пекинда фаолият кўрсатган даври ўн учинчи асрнинг иккинчи ярмига тўғри келади. Мўғул қўшинлари Бухорони эгаллаганда олиб кетилган ҳунарманд ва олимлар билан Пекинга бориб қолган.

Муҳаммад Бухорийнинг уч ўғли бор эди. Тўнғичи Саид-миш хон ўрдаси Дадуда давлат хизматида бўлган. Иккинчиси Ҳасан юзбоши лавозимида хизмат қилган. Учинчиси ёшлигида оламдан ўтган.

Саид-мишнинг фарзанди Аҳмад – Ахама 30 ёшида вафот этиб, ундан икки ўғил қолади. Каттасининг исми Мансураддин – Машудинг эди. У 1334 йилдан давлат арбоби, дея эътироф этилади. Унинг Юань саройида кўрсатган хизматлари учун Саид-миш ва ўғли Аҳмад «сянъянг жюнгунг» деб аталган беклик унвони билан мукофотланган.

Шайхлар

Хитойда Юань сулоласи ташкил этилгандан сўнг пойтахт Даду шаҳрига кўчирилган. Аммо Пекин бундан анча илгари мўғуллар қўлига ўтган бўлиб, шаҳарда катта қурилиш ишлари олиб борилган эди. Бу ерга Туркистондан кўплаб ҳунармандлар, олимлар, рассомлар, дин арбоблари, савдогарлар олиб келинган эди.

Шайх Али Имомаддин Бухорий ва Шайх Муҳаммад бин Аҳмад Буртан Косоний Пекинда ислом динини тарғиб қилиш, исломни қабул қилганларнинг саводини чиқариш билан шуғулланиб, юксак обрўга эга бўлган олимлар эди.

Туркистонлилар 3 000 хонадон

1263 йилда давлатнинг солиқ тизимини такомиллаштириш мақсадида аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, Пекинда 3 000 хонадондан иборат туркистонлилар яшаган. Айниқса, самарқандликлар кўпчиликни ташкил қиларди. Уларнинг барчаси деярли бир жойга жойлаштирилган эди. Уларнинг ҳаммаси мусулмон эканлиги, урф-одатлари, тили бир бўлганлиги шундай қилишни тақозо этарди.

Пекинда яшовчи туркистонлиларга ички ишларини тартибга солишда ислом қонун-қоидаларига асосланишга рухсат берилган. Уларни идора қилиш учун амалдор қози тайинланиб, унга халқни бошқариш билан бирга суд ишларини шариат асосида ҳал этиш ҳам топширилган.

Ўша замонда хон саройида хоразмлик Маҳмуд Ялавочнинг молия ишлари бўйича катта лавозимда бўлганлиги ҳам туркистонлиларнинг бир жойда яшашига маълум даражада таъсир этган.

Пекинда икки ўзбек маҳалласи

Пекин марказидан сал четроқда туркистонлилар яшаган нисбатан катта иккита маҳалланинг бири Нюже, иккинчиси Вэйгун цун деб номланган.

Илгари Нюже маҳалласи ўрнида мажнунтол кўп ўсганлиги учун уни пекинликлар Люшу цун – Толзор қишлоғи деб аташган. Бу маҳаллада яшаган туркистонлилар боғдорчилик билан шуғулланиб, Туркистон меваларини, хусусан, анорни кўпроқ экканлар. Шунинг учун ҳам Толзор қишлоғини кейинчалик Шилю же – Анорзор маҳалласи деб ҳам атаганлар. 

Нюже маҳалласида яшовчилар ўзларини сут, қаймоқ каби маҳсулотлар билан таъминлаш мақсадида сигирларни ҳам кўп боқишган. Хитойликлар учун бу ғайриодат бўлгани боис маҳалла номини Нюже – Сигир маҳалласи деб ўзгартирганлар. Бу ном ҳозиргача сақланиб қолган.

 

Ҳаммаси Аблат Хўжаевнинг «Буюк Ипак йўли» китобида

Бу маълумотлар таниқли хитойшунос олим, тарих фанлари доктори Аблат Хўжаевнинг «Буюк Ипак йўли» китобидан олинди. Унда Буюк Ипак йўли, Туркис­тоннинг Хитой билан алоқалари, қадимий аждодларимиз ҳақида муҳим, кўп ҳам эълон қилинмаган маълумотлар, хабарлар, воқеа ва тафсилотлар ўрин олган. Олим Аблат Хўжаев шундай ёзади:

«Хитойда хизмат сафарида бўлганимизда Нюже маҳалласи билан танишиш имкониятига эга бўлдик. Нюже маҳалласи Пекиннинг жануби-ғарбий қисмидаги Юнгъдингхэ дарёси соҳилида жойлашган. Бу ер серсув, деҳқончилик ва боғдорчиликка қулай бўлган.

Маҳаллада яшовчилар орасида ташқи қиёфаси ўзбекларга ва бошқа туркий халқларга ўхшайдиганлари кўп учрайди. Аммо улар ўзларининг узоқ ўтмишдаги аждодларини билмайдилар. Бу ҳақда аниқ ёзма маълумотлар ҳам сақланмаган.

Нюже маҳалласидаги кўчалар тор ва бир қаватли уйлар зич жойлашган эди. Яқинда ушбу уйлар бузилиб, унинг ўрнига кўп қаватли иморатлар қурилди.

Баланд иморатлар орасида фақат биргина кўҳна масжид сақланиб қолган. Бу масжид ҳовлисида икки зот – Шайх Али Имомаддин Бухорий ва Шайх Муҳаммад бин Аҳмад Буртан Косонийнинг қабри бор. 

Нюже масжиди Пекинда мавжуд бўлган 30 дан ортиқ масжиднинг энг қадимийси ҳисобланади».

“Ватанпарвар” мухбири Фурқат Эргашев тайёрлади.