Нефть-газ саноати Ўзбекистоннинг иқтисодиётида стратегик аҳамиятга эга бўлиб, мамлакатнинг энергия хавфсизлиги ва инвесторлар учун жозибадорлик даражасини белгилайди.
Бу соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар нафақат нефть ва газ қазиб чиқаришнинг самарадорлигини ошириш, балки замонавий технологияларни жорий этиш асносида миллий энергетика салоҳиятини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади. Шу боис, халқаро ҳамкорлик ва йирик технологик компаниялар билан муносабатлар соҳанинг ривожланиши учун муҳим омил саналади.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов бошчилигидаги Ўзбекистон делегациясининг Хитой Халқ Республикасига қилган хизмат сафари ҳам шундай мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Дастлаб делегация Пекин шаҳрида “Jereh Group” компанияси раҳбарияти билан учрашди. Унда нефть-газ соҳасидаги амалӣ ҳамкорликнинг жорий ҳолати, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар атрофлича муҳокама қилинди.
Музкаралар чоғида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси “Jereh Group”нинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва нефть-газ ускуналари йўналишидаги тажрибасини юқори баҳолар экан, томонлар ўзаро масъулият, шартномавий мажбуриятларга қатъий риоя этиш ва ҳамкорликни янада ривожлантириш муҳим эканини таъкидлади.
Бугунги кунда “Ўзбекнефтгаз” АЖ конлари учун 22 дона қудуқ усти компрессор станцияларини етказиб беришни назарда тутувчи шартнома доирасида бугунги кунда 14 та станция саноат эксплуатациясига топширилган. Қолган 7 таси бўйича эса ҳозирда монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур мулоқотда шу ҳақда сўз борди. Унда ускуналардан фойдаланиш жараёнида зудлик билан ҳал этишни талаб қилувчи қатор масалалар мавжудлигига эътибор қаратилди. Шунингдек, томонлар жамиятнинг Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси эҳтиёжлари учун янги қудуқ усти компрессор станциялари ҳамда бурғилаш учун тампонаж агрегатларини етказиб бериш бўйича ишлаб чиқилаётган шартномалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Абдуғани Сангинов қайд этганидек, бу борада энг мақбул нарх таклифини тақдим этиш ҳамда ишлаб чиқариш ва етказиб бериш муддатларини 6 ойдан оширмаслик кейинги қарорларни қабул қилишда ҳал қилувчи омилдир.
Жамият ахборот хизматининг хабар беришича, учрашув якунида томонлар мавжуд масалаларни тезкор ҳал этиш ва ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА