Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
​Пекинда коронавируснинг янги ўчоғи пайдо бўлдими?
12:26 / 2020-06-15

Куни кеча Хитой пойтахти Пекиндаги улгуржи бозорда коронавирус аниқлангани шаҳар ҳокимиятини қаттиқ хавотирга солмоқда.

Куни кеча Хитой пойтахти Пекиндаги улгуржи бозорда коронавирус аниқлангани шаҳар ҳокимиятини қаттиқ хавотирга солмоқда. Шаҳарда вирус тарқалиши эҳтимоли жуда юқори, деди Пекин ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Сюй Хэцзянь.

Эпидемиологик текширув натижасида импорт қилинган лосос балиғи бўлакланадиган тахта юзасида коронавирус аниқлангани боис шанба куни "Синьфади" бозори вақтинчалик ёпиб қўйилди. Фэнтай туманида эса ҳарбий давр тартиби ўрнатилди, Жамоатчилик саломатлиги соҳасидаги фавқулодда ҳолат даражаси яна II босқичгача кўтарилди. 

Сюй Хэцзяннинг таъкидлашича, шаҳарда хатарли вазият юзага келгандан кейин ҳукумат кескин чораларни кўришга ҳозирланмоқда. Коронавирус аниқланган бозор ва унга яқин туманларда, инфекция манбасини аниқлаш учун текширув олиб борилмоқда. Шунингдек, коронавирус юқтирган ва унга яқин жойлашган ҳудудлардаги барча одамлар тестдан ўтказилади.

Душанба кунидан бошлаб, нуфуси 11 миллион бўлган Баодин шаҳрида ҳам ҳарбий ҳолат эълон қилинди. Мазкур шаҳар Хубэй вилоятида Пекинга қўшни ҳисобланади. Пекин билан Баодин орасидаги масофа 147 километр бўлиб, ўзаро транспорт алоқаси жуда юқори, шу боис хушёрликнинг энг юқори босқичи жорий қилиниши керак, дейилади хабарда.

"Баодиндаги вазият шаҳарда имкон қадар тезроқ ҳарбий ҳолат эълон қилинишини ва ҳарбий ҳолат механизмлари ишга туширилишини талаб этмоқда", - дейилади эпедимияга қарши кураш бўйича тезкор штаб берган баёнотда.

Пекин ҳокимиятининг маълум қилишича, ўтган якшанба куни шаҳарда 76 минг 499 кишида коронавирусга қарши тест ўтказилган, тест топширганларнинг 59 нафарида инфекция борлиги аниқланган.

Душанба кунига келиб эса, ушбу рақамга аниқлик киритилиб, шаҳарда 42 киши COVID-19 билан оғригани ҳақда хабар тарқатилди, уларнинг 36 тасида касаллик клиник кўринишда бўлган, олтитасида эса коронавирус симптомлари кўзга ташланмаган. Умуман, хабарда ҳозиргача 79 киши COVID-19 ташхиси билан шаҳар касалхонасида ётгани ҳақда айтилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Пекинда 11 июнгача, 56 кун давомида коронавирусга члиниш билан боғлиқ бирорта ҳам бемор аниқланмаган эди.

Умуман, Хитойнинг ўзида коронавирусга чалиниш ҳолати 83 минг 181 марта қайд этилган, 78 минг 370 киши соғайиб чиқди, 177 бемор касалхонада даволанмоқда, 4 минг 634 бемор COVID-19 қурбони бўлди. Мамлакатда аниқланган коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 1 минг 837 таси хорижий мамлакатлардан келган фуқароларда қайд этилган. 

1 апрелдан бошлаб мамлакат оммавий ахборот воситаларида касалликнинг симптомсиз кечиши билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида ҳам айтила бошланди. Масалан, ўтган кунда 18 та шундай ҳолат кузатилгани ҳақида маълум қилинди. Уларда тест натижалари натижасида инфекция борлиги аниқланган, лекин ташқи кўринишида каравирусга чалинганлик аломатлари кўзга ташланмаган.

Қолаверса, Хитойнинг ўзидан ташқари, бошқа маъмурий ҳудудларида ҳам коронавирус аниқлангани кузатилмоқда. Масалан, эпидемия пайтида Гонконгда 1 минг 109 та касалланиш ҳолати аниқланган бўлса, Макаода ушбу кўрсаткич 45 тани, Тайванда эса 443 тани ташкил этмоқда.