Ўзбекистон ва Хитой ўртасида энергетика, транспорт-логистика, соғлиқни сақлаш, таълим, савдо, ижтимоий хавфсизлик каби соҳаларда кенг қиррали ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Бугунги кунда Хитой Ўзбекистон учун асосий савдо шерикка айланди. Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми ўтган 2023 йилда салкам 14 миллиард долларга тенг бўлди. Келгусида бу кўрсаткич 20 миллиард долларга етказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва унинг тизим ташкилотлари матбуот котибларининг Хитойга пресс-тури ташкил этилди. Тадбирда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этмоқда.
Пресс-тур қатнашчилари Xитойнинг Пекин, Сиань ва Ченду шаҳарларидаги энергетика тизими корхоналари фаолияти билан яқиндан танишмоқда.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, илк объект Пекин шаҳридаги “China Energy International Co. LTD” корпорацияси бўлиб, у 2011 йилда ташкил этилган. Унинг дунёдаги 140 давлатда фаолият кўрсатувчи бўлинмасида 100 минг нафардан зиёд ходим ишлайди. Умумий активи 154 миллиард АҚШ доллари. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бугунга қадар компания томонидан умумий 1060 ГВт қувватли 300 дан ортиқ лойиҳа йўлга қўйилган.
Пресс-тур иштирокчилари компаниянинг электр станцияларини лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда уларга хизмат кўрсатишга доир тажрибаси билан танишди. Шу билан бирга, уларга иссиқлик электр станциялари ва гидроэлектр станциялари қаторида қуёш, шамол ва атом электр станциялари каби “яшил” энергетика манбаларини қуриш ва сақлаш борасидаги имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Қайд этилишича, “China Energy International Co. LTD” томонидан Ўзбекистоннинг бир неча ҳудудида қайта тикланувчи энергия манбалари йўналишида умумий қиймати 2 миллиард 450 миллион долларга тенг лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда.
Жумладан, компания Сирдарё вилоятида барпо этилаётган замонавий электр станцияси қурилишида бош пудратчи сифатида иштирок этаётган бўлса, Каттақўрғон туманида тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига энергия самарадорлигини оширувчи цемент заводини ишга туширди. Бундан ташқари, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида қуввати 500 МВт бўлган иккита қуёш электр станциясини қурмоқда. Ушбу станцияларнинг дастлабки қуввати 2023 йилнинг 27 декабрида умумий тармоққа уланди ва бугунга келиб Ўзбекистон энергетика тармоғига экологик тоза “яшил” энергия етказиб бермоқда.
Шу билан бирга, Навоий вилоятида қуввати 600 МВт бўлган гибрид электр станциясини (қуёш, шамол ва электр энергиясини сақлаш тизими) қуриш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Тошкент, Фарғона, Андижон ҳамда Наманган вилоятлари ҳудудида 8 та электр энергиясини сақлаш тизимини қуриш лойиҳаси бошлаб юборилган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА