Пекинда давом этаётган қишки Олимпия ўйинлари тобора якуний паллага кирмоқда. Анча-мунча спорт турларида ғолиблар аниқлаб бўлинди, аксарият олтин, кумуш ва бронза медаллари ўз эгаларига топширилди. Бугун-эрта яна сўнгги саккизта спорт тури бўйича якуний баҳслар ўтказилади.
Қишки Олимпиада спорт турлари орасида эркаклар билан бирга аёллар хоккейи ҳам ўтказилди. Аёллар баҳсларида 10 та жамоа икки гуруҳда кураш олиб борди. Булар, “А” гуруҳида Канада, Швейцария, АҚШ, Финляндия ва Россия; “В” гуруҳида эса Чехия, Швеция, Дания ҳамда қитъадошларимиз Япония ва мезбонлар Хитой. Эътиборли жиҳати, японияликлар чорак финалгача етиб боришди. “Самурайлар” ўз гуруҳида барча европаликлар устидан ғалаба қозонишди, фақат хитойликларга имкониятни бой беришди. Бироқ Хитой термаси гуруҳда қолиб кетди. Японлар чорак финалда финляндияликлардан енгилишди.


Чорак финал
АҚШ – Чехия – 4:1
Канада – Швеция – 11:0
Россия – Швейцария – 2:4
Финляндия – Япония – 7:1
Ярим финал
Канада – Швейцария – 10:3
АҚШ – Финляндия – 4:1
3-ўрин учун
Швейцария – Финляндия – 0:4
Финал
Канада – АҚШ – 3:2.
Шу тариқа аёллар хоккейида канадаликлар бешинчи бор Олимпиада ғолиби бўлишди. Америкаликларда эса олимпиада олтин медаллари иккиталигича қолди.
Эркаклар жамоалари учта гуруҳни ташкил этди:
“А” гуруҳи: АҚШ, Хитой, Канада, Германия
“В” гуруҳи: Россия, Швейцария, Чехия, Дания
“С” гуруҳи: Швеция, Латвия, Словакия, Финляндия.
Мезбонларнинг гуруҳдан чиқа олмагани ҳеч кимни ҳайрон қолдирмади, лекин яқин ўтмишнинг энг кучли термаларидан бири чехияликларнинг нимчоракдан ўта олмагани кутилмаган ҳол бўлди. Чорак финалда ҳам шов-шувли натижалар етарлича кузатилди – АҚШ ва Канада “ярим йўлда” қолиб кетди.
Чорак финал
АҚШ – Словакия – 2:3
Россия – Дания – 3:1
Финляндия – Швейцария – 5:1
Швеция – Канада – 2:0
Ярим финал
Финляндия – Словакия – 2:0
Россия – Швеция – 2:1
19 февраль. 3-ўрин учун
Словакия – Швеция
20 февраль. Финал
Россия – Финляндия.
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА