Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида “Давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик (PEFA) мезонлари бўйича Ўзбекистон Республикасида давлат молиясини бошқариш самарадорлигини баҳолаш” мавзусида семинар ўтказилди.
Жаҳон банки вакиллари ва мустақил экспертлар томонидан ташкил топган гуруҳи ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маҳаллий ва хорижлик соҳа вакиллари, мутахассислар иштирок этди.
Унда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров, Жаҳон банкининг бошқарув ва давлат сектори бўйича катта мутахассиси Кай-Александер Кайзер, Жаҳон банкининг шаҳарсозлик бўйича катта мутахассиси Росанна Нитти ва бошқалар мамлакатимизда халқаро молия институтлари ва халқаро экспертлар билан ҳамкорликда давлат молиясини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, айниқса, давлат маблағларидан унумли фойдаланиш ва унинг назоратини жаҳон стандартлари талабларига мос равишда йўлга қўйиш бўйича комплекс ишлар олиб борилаётганига эътибор қаратди. Айниқса, ушбу соҳада Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш керакки, Жаҳон банки вакиллари ва мустақил экспертларнинг мамлакатимиз молия тизимини навбатдаги Давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик мезонлари асосида баҳолаш юзасидан техник кўмакни амалга ошириш миссияси доирасида давлат молиясини PEFA мезонлари асосида баҳолаш бўйича манфаатдор вазирлик ва идоралар вакиллари учун икки кунлик семинар ва брифинглар ўтказилиши кўзда тутилган. Ушбу семинар ҳам делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилган тадбирлардан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат бюджети сиёсати департаменти директори ўринбосари Шоҳрух Эшонқуловнинг сўзига кўра, PEFA дастури самарадорликни ўлчаш учун миқдорий кўрсаткичлардан фойдаланган ҳолда давлат молиясини бошқаришнинг кучли ва заиф томонларини баҳоловчи ва тасвирлаб берувчи мажмуадир. PEFA давлат маблағларини бошқариш фаолиятини 31 та индикатор асосида баҳолайди. Шунингдек, бугунги кунга келиб дунёнинг 150 мамлакатига яқин 600 дан ортиқ PEFA асосида баҳолашлар ўтказилган.
– Шундан келиб чиқиб, ташкил қилинган ушбу семинар давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик мезонлари асосида Ўзбекистондаги давлат молиясини бошқариш тизимининг самарадорлигини баҳолашга бағишланди. Давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик мезонлари, яъни PEFAнинг мазмун-моҳиятини етказиш ва қандай натижа беришини, бизга нима учун баҳолаш мезонлари зарурлиги ҳақида иштирокчиларга тушунчалар берилди. Тарихга назар соладиган бўлсак, Ўзбекистон ҳукумати PEFA асосида баҳолашларни бир неча маротаба, жумладан, 2012 йилда ва 2018-2019 йилларда мазкур услубиёт асосида давлат молиясини бошқариш тизими самарадорлигини баҳолашдан ўтказди.
Мазкур баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, ўтган йилларда мамлакатнинг давлат маблағларини бошқариш тизимида қатор ислоҳотлар амалга оширилган. Баҳолашнинг асосий натижалари Ўзбекистон барқарор ва самарали амалга ошириладиган давлат бюджетига эга эканини кўрсатди. Шунга қарамай, давлат активлари ва мажбуриятларини бошқаришни яхшилаш, ўрта муддатли бюджетлаштиришни мустаҳкамлаш, фискал стратегияни ишлаб чиқиш, шунингдек, давлат маблағларини ўзлаштиришнинг очиқлигини оширувчи ишларни давом эттириш ҳамда бюджет ҳисоби ва аудит соҳасида халқаро стандартларга амал қилиш зарурияти мавжудлиги аниқланган. Таъкидлаш керакки, PEFA давлатнинг молия соҳасидаги сиёсатини эмас, аксинча, у давлат молиясини бошқариш тизимининг ҳолатини баҳолайди. Фойдали жиҳати шуки, PEFA биз келгусида қандай ислоҳотларни амалга оширишимиз кераклигини аниқлашда ёрдам беради, – деди Ш. Эшонқулов.
Тадбирда қайд этилганидек, мазкур баҳолаш натижалари мамлакат ҳукуматига давлат маблағларини бошқаришнинг анча самарали тизимини яратиш, давлат бюджетининг очиқлигини ва халқаро донорлар ҳамда хорижий кредит берувчилар учун мамлакатнинг жозибадорлигини оширишга кўмаклашади.
–Ушбу семинар биз учун маҳаллий мутахассислар билан фикр алмашиш ва улар билан мулоқот қилиш имкониятини яратди, –деди Жаҳон банкининг бошқарув ва давлат сектори бўйича катта мутахассиси Кай-Александер Кайзер. – PEFA мезонлари асосида баҳолашни амалга ошириш учун кўрсаткичлар бўйича маълумотлар жамланган. Агар унда мавжуд бўлмаса, яқин ҳамкорларимиз – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ва бошқа вазирлик ҳамда идораларга мурожаат қилган ҳолда, улардан маълумот олинади.
Чунки бу баҳолаш тизимида балларга асосланилган бўлса, қайсидир балл бўйича маълумот берилмаса, у баллни баҳолаш неча балл эканлигини аниқлаш имкони бўлмайди. Шунинг учун ҳам баҳолашнинг энг муҳим манбаи – маълумотлар, деб урғу берилмоқда.
Бу маълумотларнинг қандай бўлиши, қандай эканлиги ҳақида ҳеч қандай мавҳумлик бўлмаслиги учун бизнинг интернет веб-сайтимиз бор. Унинг саҳифасида PEFA тизими бўйича тўлиқ ахборот тақдим этилган. Оммага очиқ бўлган саҳифадаги маълумотларни кўриб чиқиб, олдиндан ҳар бир балл бўйича зарур талаблар бўйича иш олиб бориш ва балларни аниқлаш мумкин.
Семинар якунида соҳа мутахассислари ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари томонидан мазкур баҳолашдан ўтказиш Ўзбекистон давлат молиясини бошқариш тизими самарадорлигини янада ошириш ва такомиллаштириш йўналишларини кўрсатиб бериши назарда тутилган.
Баҳолаш ишлари июнь ойида якунланиши режалаштирилган бўлиб, мазкур баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда бир қатор вазирлик ва идоралар томонидан “2025-2030 йилларда Ўзбекистон Республикаси давлат молиясини бошқариш тизимини такомиллаштириш стратегияси” лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/5Z3QTgcFaHk" title="PEFA mezonlari asosida davlat moliyasini boshqarish samaradorligini baholash" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА мухбири