Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Педофилия ёхуд ҳимоясиз қолган болалар ҳуқуқи (+видео)
16:53 / 2023-09-23

Болаларга нисбатан жинсий зўравонлик — жамият учун энг даҳшатли жиноятлардан бири. Бу каби фожиалар ҳар доим жамиятда ўз акс-садосини топади ва зўравонларга энг шафқатсиз жазони қўллаш ҳақидаги чақириқларга сабаб бўлади.

2023 йилнинг 6 ойида 16 ёшга тўлмаганларга нисбатан жинсий тажовуз билан боғлиқ ишлар учун 257 нафар шахсга суд ҳукмлари ўқилган. Қанчалик кўп қораланмасин болаларга нисбатан зўравонликлар, хусусан, педофилия ҳамон содир бўлишда давом этмоқда. Овоза бўлган аксарият жиноятлар бир-бирига ўхшаш: жиноятчи мактабдан уйга қайтаётган ёки сайр қилиб юрган болани алдов йўли билан олиб кетади. Ўша Янгихаёт туманидаги воқеани эсланг. У куппа-кундуз куни содир бўлганди. 

Биздаги жазолаш тизими аҳлоқ тузатиш жазосини ўз ичига олади ва қамоқда 10 йил ўтириб чиққан шахс бутунлай ўзини ислоҳ қилиб чиқди, дея ҳисобланади. Аслида қамоқ инсонни яхши томонга ўзгартира олмаслигини, аксинча, бадтар қилишини ҳамма яхши тушунади. 

UNICEF маълумотларига кўра, дунёда 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган ҳар 10 боладан 6 нафари ҳар куни жисмоний зўравонликка учрайди. Бу дегани ҳар 5 дақиқада бир нафар бола зўравонликдан вафот этади. Бу шунчаки даҳшат... 

Афсуски, педофилия инсонларда очиқ белги орқали намоён бўлмайди. Ҳар куни юзлаб, минглаб одамлар ичида юрар эканмиз айнан қайси инсон кўринишига кўра педофил эканлигини айтиб беролмаймиз. Маълумотларга кўра, ўзини тиядиган, хоҳишларига қарши курашадиган инсонлар борлигини тан олишга тайёр бўлмаслик, уларга психологик ёрдамга мурожаат қилишга тўсқинлик қилади ва болаларга нисбатан янги жиноятларнинг содир бўлишига туртки бўлади. Инсон майллари ва ҳиссиётларини доимо жиловлаши ҳамда яшириб юриши натижасида у жамиятдан яккаланиб қолади. Бу эса бир куни жиноят содир бўлишига олиб келади. Педофилия — бузуқлик ёки ахлоқий деградация эмас, балки касаллик эканлиги ҳақида ҳам асосли назариялар бор.

Халқаро тажриба 

Дунё тажрибасида қўшни давлатларда ва ривожланган мамлакатлар қонунларида педофилларни аёвсиз жазолаш йўлга қўйилган. Масалан, Қозоғистонда 2016 йилда имзоланган “Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга кўра, қўшни давлатда педофилларга нисбатан кимёвий кастрация шаклида кескин жазо чораси қўллашга рухсат берилган. Бу жиноятни содир этганлар Қозоғистон Жиноят кодексининг 50-моддасига биноан умрбод озодликдан маҳрум қилиниши белгиланган. 

Украинада эса бундай жиноят учун 7 йилдан 15 йилгача (амнистиясиз) қамоқ жазоси берилади. Педофилларнинг очиқ реестри юритилади ва мажбурий кимёвий кастрация қилинади. Вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик қилганлар устидан умрбод маъмурий назорат ўрнатилган. Ўзимизда ҳам Педофилия бўйича кўплаб аянчли ҳолатларни эслар эканмиз, балки Қонунчилигимизда жазо нормаларига баъзи қатъий ўзгартиришлар киритишга эҳтиёж сезамиз. 

Ҳимоясиз қолган болалар ҳуқуқи

Жинсий дахлсизликка қарши жиноятларни фақатгина педофилик бузилиши бўлган инсонлар содир этмайди. Болалар номусига тегиш билан боғлиқ аксарият жиноятлар 80-90% уйда содир бўлади, зўравонлар эса акалар, ўгай оталар, оила дўстлари ва ҳатто ўз оталари ҳам бўлиши мумкин. Бу каби жиноятларнинг аксарияти вазиятга боғлиқ ҳолда рўй беради, яъни одамда болаларга нисбатан кучли майл бўлмайди, аммо энг қулай ва қўл остидаги ҳимоясиз қурбон сифатида бола танланар экан. Демак, фарзандларимиз ҳар томонлама ҳимояни ҳис қилиши жуда муҳим. Бизда ҳимоя бўйича ҳам муаммолар етарли. 

Жорий йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистоннинг болалар ҳуқуқи бўйича омбудсмани Алия Юнусова истеъфога чиқаётганини маълум қилган. 2020 йил февралидан буён Олий Мажлиснинг бола ҳуқуқлари бўйича вакили сифатида ишлаб келган Алия Юнусова ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, мен болалар ҳуқуқлари бўйича вакил сифатидаги фаолиятимни тўҳтатаётганимни маълум қиламан” деб ёзган . Истеъфо сабаби очиқланмади ва бу ҳақида масъул ташкилотлар томонидан халигача расмий муносабат билдирилгани йўқ.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Nb9q0BuPrZk" title="ПЕДОФИЛИЯёхуд ҳимоясиз қолган болалар ҳуқуқи" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Тўғри, жамиятимизда глобал муаммолар, бугун ечилиши зарур бўлган иқтисодий ислоҳотлар етарли бўлиши мумкин. Аммо гап фарзандларимиз хавфсизлиги ҳақида кетар экан, бу ҳар бир ота-она ва бола ҳуқуқларига масъул ҳар бир ташкилотни ҳушёрликка чақириши лозим, деб ҳисоблаймиз. 
“Мен барча давлат органлари, фуқаролик жамиятлари, фаоллар ва медиа — барча-барчани бу жараёнга қўшилиб, зўравонликка қарши курашнинг ягона механизмига айланишга чақираман. Зўравонлик — жиноят. Зўравонлик — бизнинг маданиятимиз эмас!”.

Саида Мирзиёева, Президент ёрдамчиси


М.Турдалиева, И.Исматов, ЎзА