Ватанимиз тарихидаги 1 февраль санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
999 йил (бундан 1026 йил олдин) – сомонийлар сулоласидан бўлган Абул Ҳорис Мансур тахтдан ағдарилиб, икки кўзи кўр қилинди. У бор-йўғи икки йил ҳукмронлик қилди. Унинг даврида мамлакатда парокандалик, ҳукмдор билан лашкарбошилар ўртасида ички низолар, ташқи хавф – қорахонийлар ҳужумлари кучайди. Айниқса, қорахонийлар томонига ўтган хоин лашкарбошилардан Фойиқ саройга нисбатан уюштирилган фитналарда фаол қатнашди. Айнан ушбу лашкарбоши турк ғуломларига суянган ҳолда ҳукмдорни тахтдан ағдарди. Бу кучсизланиб қолган сомонийлар сулоласига пайт пойлаб берилган кучли зарба эди. Шу йили Мовароуннаҳр қорахонийлар томонидан эгалланди.
1903 йил (бундан 122 йил олдин) – Туркистонда фаолият кўрсатган рус шарқшуноси, этнографи Николай Остроумов ҳарбий арбоб, маърифатпарвар, генерал Жўрабек билан учрашди. У учрашув таассуротларини ўз кундалигида, жумладан, қуйидагича қайд этган:
“У рус бошлиқлар хусусидаги ўз фикр-мулоҳазаларини тўппа-тўғри, ҳатто кескин қилиб айтади. Бироқ шахсий ҳаётига оид тафсилотларни айтишдан ҳамиша ўзини тияди. Ишончим комилки, у қизиқарли ва ўз обрў-эътибори учун нафли деб ҳисоблаган нарсаларнинг ҳаммасини ён дафтарига қайд қилиб боради. Умуман Жўрабек – ўткир шахс ва унинг ён дафтаридаги қайдлари Туркистоннинг келгусидаги тарихчиси учун аҳамият касб этажак”.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Жўрабек илм-маърифатга катта аҳамият берган. Шарқ қўлёзмаларининг, хусусан, нодир асарларнинг бой кутубхонасига эга бўлган.
Шарқ тиллари ҳамда рус тилини яхши билган. 1876 йилда Петербургда бўлиб ўтган шарқшуносларнинг учинчи халқаро конгрессида қатнашиб маъруза қилган. Жўрабек жадидлар билан ҳамфикр, ўзбек мутафаккир шоири Фурқат билан дўстона муносабатда бўлган.
1917 йил (бундан 108 йил олдин) – Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қўчқор Турдиев таваллуд топди (вафоти 1992 йил). У 1941 йилдан Жануби-Ғарбий фронт 38-армиянинг 47-тоғўқчи дивизиясида хизмат қилган. Қўчқор Турдиев 1941 йил 15 октябрда Харьков вилоятининг Краснокутск раёни Трудолюбовка қишлоғидаги жангда душман дзотини портлатиб юборган. Унга 1942 йил 27 мартда Қаҳрамон унвони берилган. 1942 йил кичик-лейтенантлар курсини, 1943 йил Гомель ҳарбий пиёдалар билим юртини тугатган, взвод ва ротага командирлик қилган.
1920 йил (бундан 105 йил олдин) – Хива хонлигининг пойтахти Хива шаҳри қизил аскарлар томонидан жангсиз ишғол қилинди. Бу пайтда Хива хони Саид Абдуллахон ва унинг амалдорлари бирон-бир қаршилик кўрсатмадилар. Саид Абдуллахон кизил аскарлар ва Ёш хиваликлар талаби билан тахтдан воз кечгани тўғрисидаги манифестни имзолади. 2 февралда манифест халққа ўкиб эшиттирилди ва Мажлис чақирилгунга қадар ҳокимият Муваққат инқилобий ҳукумат қўлига ўтгани эълон қилинди. Шу тариқа Хоразмда хонлик тузуми қулатилди.
1927 йил (бундан 98 йил олдин) – Тошкентда кутубхона ходимларини тайёрлаш бўйича олти ойлик курслар ташкил қилинди.
1947 йил (бундан 78 йил олдин) – физик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Абдуғафур Мамадалимов таваллуд топди. У “табиий полимер толалар электрофизикаси”га асос солган.
1966 йил (бундан 59 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих ва археология институти таркибида махсус илмий лаборатория ташкил этилди. Унга республикамизда очилаётган археологик ёдгорликларда топилаётган ноёб санъат асарлари, турли ҳунармандчилик маҳсулотлари ва меъморий ёдгорликларни табиий фан усуллари ёрдамида ўрганиш, уларни таъмирлаш ва сақлаш усулларини яратиш ва зарурий амалий ишларни бажариш юклатилган эди.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ватикан Ўзбекистон мустақиллигини тан олди. Шу йилнинг 17 октябрида Ўзбекистон ва Ватикан ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилди.
1994 йил (бундан 31 йил олдин) – Ўзбекистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонасида Ўзбекистон Республикаси билан Замбия ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисидаги ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
1999 йил (бундан 26 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқаро
Кураш ассоциациясини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорлари қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги тармоғида соғлом рақобат муҳитини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Кўп квартирали уйларни бошқаришни такомиллаштириш ва коммунал хизматлар кўрсатишни янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун билан педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгиланди.
2024 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Рақамли технологиялар халқаро марказини ташкил этиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва “Рақамлаштириш соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади