English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Педагогларнинг мавқеи тикланди, ҳурмати оширилди ва обрўси қонун билан ҳимояланди
13:47 / 2024-02-29

Ўқитувчилик – шарафли касб. Мамлакатимизда ушбу касб эгаларига алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиб, жамиятда ўқитувчиларнинг мавқеи ва обрўсини кўтариш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

 Президентимиз томонидан шу йилнинг 1 февраль куни 21 моддадан иборат “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонуннинг имзолангани фикримизнинг ёрқин далидир.  

 Қонун билан педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгиланди.  

 Ҳужжатда педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши қатъий белгилаб қўйилди.  

 Мазкур қонунга кўра, педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш тақиқланади. Шунингдек, педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, жумладан, битирувчиларнинг бандлиги таъминлангани ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш ман этилади.  

 Бундан ташқари, педагогнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, хусусан, иш ҳақидан унинг ёзма розилигисиз товар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш мумкин эмас.  

 Шунингдек, 2023 йилнинг 27 март куни қабул қилинган педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонунга кўра, педагог ходимни меҳнатга бирон бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш учун маъмурий ва жиноий жавобгарликлар кучайтирилди. Жумладан, умумий ҳолатда бирор шахсни мажбурий меҳнатга жалб этиш 33 млн. сўмгача (БҲМнинг 100 баравари) жаримага сабаб бўлса, эндиликда педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш 49.5 млн. сўмгача (150 баравар) жарима билан жазоланиши мумкин.  

 Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам маъмурий жавобгарлик кучайтирилди. Эндиликда бу қилмиш учун фуқароларга 2,31 млн. сўмдан 4,95 млн. сўмгача жарима, мансабдор шахсларга эса 3.3 млн. сўмдан 6.6 млн. сўмгача жарима белгиланмоқда.  

 Илгари педагогнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш учун фақат жарима жазоси белгиланган. Эндиликда ушбу қилмишни такроран содир этган мансабдор шахсларга 15 суткагача маъмурий қамоқ белгиланиши мумкин.  

 Бунинг натижасида жамиятда ўқитувчиларнинг нуфузи ва обрўсини кўтаришга эришилди ва уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига бутунлай барҳам берилди ҳамда 306 минг нафар педагог ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш таъминланди.  

 Бундан ташқари, педагог ходимлар томонидан юритиладиган ҳужжатлар сони кескин камайтирилди. Хусусан, ўқитувчиларнинг ҳисоботлари ҳозирги пайтда 1 та (илгари – 7 та), ўқув ишлар бўйича директор ўринбосарининг ҳужжатлари 2 та (илгари – 10 та), маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарининг ҳужжатлари 7 та (илгари – 18 та), синф раҳбарларининг ҳужжатлари 4 та (илгари – 10 та) этиб белгиланди.  

 Ш.Отабоев тайёрлади, ЎзА