Андижонда “Таълим жараёни самарадорлигини баҳолашда қатъий назоратдаги ҳужжатларнинг аҳамияти” мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Андижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф номли ижод мактабида ташкил этилган тадбирда вилоятдаги президент, ижод ва ихтисослаштирилган таълим муассасалари директорлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, мактаб маслаҳатчилари, кадрлар менежерлари, психологлар ва фанлар бўйича метод бирлашма раҳбарлари иштирок этди.
Семинар очилишида таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ўқув-тарбия жараёнини бошқариш ва назорат қилиш механизмлари такомиллашиб бораётгани таъкидланди.
Тадбир давомида таълим жараёнини режалаштиришда ҳужжатлар билан ишлаш, ички назоратни ташкил этиш, меъёрий ҳужжатларни амалиётда қўллашда учраётган муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.
[gallery-27454]
Шунингдек, машғулотлар жараёнида мутахассислар томонидан иш ҳужжатларини тўғри юритиш, улардан таълим натижаларини таҳлил қилишда фойдаланиш бўйича тушунчалар берилди ҳамда амалий мисоллар орқали изоҳлар келтирилди.
– Семинар давомида қатъий назоратдаги ҳужжатлар билан ишлаш бўйича муҳим маълумотларга эга бўлдик, – дейди Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби директори Шохистахон Нурматова. – Бу эса келгусида таълим жараёнини янада тизимли ташкил этишга хизмат қилади.
Қизиқарли ўтган семинар-тренинг иштирокчиларнинг мавзу доирасидаги, шунингдек, касбий билим ва тажрибаларини янада бойитди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари