Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Педагогларнинг ҳуқуқий, психологик масъулиятини ошириш масалалари муҳокама қилинди
13:17 / 2026-02-27

Мамлакатимизнинг келажаги ёшлар салоҳиятига таянади. Шунинг учун ҳам уларга давлатимиз раҳбари томонидан улкан ишонч ва мислсиз имкониятлар берилмоқда. Ёш авлоднинг маънавияти, илмий салоҳияти бевосита педагогларга боғлиқ.

Айниқса, бугунги турли ахлоқий ўзгаришлар даврида миллатимиз ўзлигини сақлаб қолиш, миллий ғурур ва ўзбекона руҳга путур етмаслиги учун педагогларнинг меҳнати беқиёс. Шунинг учун ҳам уларнинг малакалари мунтазам ошириб борилиши муҳим жараён ҳисобланади.

Шу мақсадда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида “Таълим муассасасида хавфсиз муҳитни шакллантириш, педагог ва ходимларнинг ҳуқуқий, психологик масъулиятини ошириш мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Хотин-қизлар масалалари бўйича бошлиғи, подполковник  Ширин  Норматова олий таълим тизимида соғлом маънавий муҳитни таъминлаш, педагогларнинг касбий этикаси ва шахсий намунасини мустаҳкамлаш долзарб вазифа эканини таъкидлади. Жамиятда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактик ишлар самарадорлигини ошириш масалаларига ҳам тўхталди.

Ўзбекистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси, юридик фанлар доктори, профессор  Феруза Муҳиддинова таълим муассасаларида касбий этика, қонунчилик талаблари ҳамда педагог ходимларнинг жавобгарлиги юзасидан атрофлича маълумот берган бўлса, Учтепа тумани “Ҳазрат Умар” жоме масжиди имом-хатиби жамиятда одоб-ахлоқ, ўзаро ҳурмат ва маънавий қадриятларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.

Тадбир давомида очиқ мулоқот ташкил этилгани ҳам айни муддао бўлди. Негаки, унда иштирокчилар ўз фикр-мулоҳазаларини эркин тарзда билдирди.

Давра суҳбати педагог ва ишчи ходимлар орасида масъулият, ҳурмат ва профессионал маданиятни мустаҳкамлашга қаратилгани билан янада муҳим аҳамият касб этди.

Шербек Исломов, ЎзА