Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Педагогларни бошқа ишларга мажбурлаш жаримага ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолашга сабаб бўлади
17:15 / 2023-01-09

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг йиғилишида депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қизғин муҳокама қилдилар.

Мамлакатимизда педагогларни хизмат вазифасидан бошқа ишларга жалб қилишга қарши қаратилган қонун ҳужжатлари, уларни рўёбга чиқариш механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо педагогларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга ноқонуний жалб этиш ҳолатлари ҳамон давом этмоқда.  

Жумладан, педагоглар ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва масалаларни ҳал этиш учун тузилган кўплаб ишчи гуруҳлар таркибига асоссиз киритиляпти. Улардан турли ҳисобот ва ахборотлар талаб қилинмоқда. Бундай ҳолатлар мактабларда педагогларнинг таълим бериш жараёнларига тайёрланиш, сифатли таълим бериш ишларига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти.  

Ўқитувчиларнинг иш самарадорлигини ошириш ва лавозим мажбуриятига кирмайдиган вазифаларга жалб этиш жараёнларига барҳам бериш орқали педагогларнинг жамиятда нуфузини мустаҳкамлаш мақсадида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексида педагогларни мажбурий меҳнатга жалб қилганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.  

– Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг энг катта муваффақиятларидан бири шубҳасиз, педагогларни пахта даласига жалб қилишни бутунлай чеклангани бўлди. Лекин мажбурий меҳнатнинг айрим кўринишлари ҳамон сақланиб турибди. Шу боис, ушбу қонун лойиҳаси билан жазо чоралари янада кучайтирилмоқда ва «Миллий тикланиш» партияси бундай қонун лойиҳаларини сўзсиз қўллаб-қувватлайди. Педагогикага қилинган хиёнат, бу – мамлакат келажагига қилинган хиёнатдир, – деди фракция раҳбари Алишер Қодиров.  

Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан эндиликда педагогларни бирон-бир шаклда маъмурий тарзда бошқа ишларга мажбурлаш базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 150 бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади. Ҳатто 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинади ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Қонунга хилоф равишда педагогларнинг касбий фаолиятига аралашиш ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш БҲМнинг 7 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор учун эса 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.  

Йиғилишда яна бир қатор масалалар кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.   

М.Комилова, ЎзА