Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси халқ вакиллари томонидан қизғин муҳокама қилинди.
Ушбу қонун лойиҳаси бўйича Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Эркин Зоҳидов маъруза қилди:
– Мамлакатимизда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Педагогларга муносабат тубдан ўзгариб, уларнинг иш ҳақи бир неча марта оширилди, иш юкламалари мақбуллаштирилди. Таълим даргоҳларидаги ортиқча қоғозбозликка чек қўйилиб, қонунчиликда белгиланган 6 та иш ҳужжатидан бошқа ҳисобот ва тақвимлар юритилиши қатъиян ман қилинди.
Аммо бу педагогларнинг фаолиятини тўлақонли бажаришига, етарли даражада моддий, ижтимоий ва касбий фаолиятига ноқонуний аралашувлардан ҳимоя қилишга, вазифаларига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб қилинмаслиги учун тўла acoc бўлиб хизмат қилмаяпти.
Ушбу қонун лойиҳаси билан таълим ташкилотлари педагог ходимларининг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлишини кафолатлаш мақсадида мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганида давлат божини тўлашдан озод этиш таклиф этилмоқда. Шунингдек, педагог ходимни лавозим мажбурияти ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилишни тақиқлаш, илк бор касбий фаолият бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига ўқитувчи-мураббийликни амалга оширувчи педагог ходимни бириктириш назарда тутиляпти.
Шу билан бирга, давлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог ходимларни давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтиши, педагог ходимнинг касбий фаолияти давомида юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмлаш давлат томонидан таъминланиши акс этмоқда. Қолаверса, эллик олти иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътил бериш белгиланмоқда, – деди Э.Зоҳидов.
Депутатлар ушбу қонуннинг бугунги кундаги зарурати ва аҳамиятини эътироф этган ҳолда қизғин муҳокама қилди. Қатор таклифлар, фикрлар, саволлар ўртага ташланди. Қонун лойиҳаси ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланиб, халқ вакиллари томонидан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА