Ўқитувчи меҳнати ҳар қандай жамият тараққиётининг асосий омилларидан бири саналади. Шу боис соҳада фаолият юритаётган педагог кадрларнинг билим ва маҳоратини баҳолаш, уларнинг малакасини мунтазам оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 17 сентябрдаги “Педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг октябрь–ноябрь ойларида мамлакатимиз бўйлаб Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари педагог кадрлари малакага оид тест синовларидан ўтказилмоқда.

Сирдарё вилоятида ҳам мазкур синовлар белгиланган тартибда ўтмоқда. Вилоят педагоглари иштирокидаги аттестация жараёнлари Гулистон шаҳридаги “Баркамол авлод” болалар марказида ташкил этилган.
Янги тартибга кўра, синовлар икки босқичда амалга оширилаяпти. Биринчи босқичда ўқитувчилар мутахассислик фани ва касб стандарти бўйича билим даражасини намоён этишмоқда. Уларга мутахассислик фани бўйича 35 та, касбий стандартга оид 5 та тест саволи тақдим этилади. Иккинчи босқичда эса педагогларнинг амалий маҳорати, яъни дарс ўтиш услуби, дидактик ёндашуви ва илғор педагогик технологиялардан фойдаланиш кўникмалари баҳоланади.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳар иккала босқич компьютерда реал вақт режимида (онлайн) тарзда ўтказилмоқда. Бу тизим орқали шаффофлик таъминланиб, инсон омили таъсири камайтирилди. Синов жараёнлари эса кузатув камералари орқали назорат қилинмоқда.

– Аввалги йиллардаги тажрибалардан фарқли равишда бу йил синов жараёнлари анча қулай ва шаффоф тарзда ўтмоқда. Барча саволлар компьютер орқали берилади, натижа ҳам шу заҳоти аниқланади, – дейди Сайхунобод туманидаги ихтисослашган мактаб ўқитувчиси Муҳаббат Омонова.
Маълумотларга кўра, жорий йилда Сирдарё вилоятидаги таълим муассасаларида фаолият юритаётган 4965 нафарга яқин педагог 38 дан ортиқ фан йўналишлари бўйича аттестация синовларида иштирок этиши режалаштирилган.
Синов натижалари асосида педагогларга электрон сертификатлар тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, Сирдарё вилоятида педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш жараёнлари жорий йилнинг 12 ноябрига қадар давом этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири