Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Педагоглар ўз билимларини синовдан ўтказмоқда
12:45 / 2025-02-26

Дилдора Раззоқова олий тоифали ўқитувчи. У 2009 йилда Навоий давлат университети (олдинги Навоий давлат педагогика институти) табиатшунослик факультетининг кимё-экология йўналишини тамомлаган. Дастлаб 3-сонли академик лицейида кимё фани ўқитувчиси бўлиб ишлаган Дилдора кейинчалик фаолиятини Навоий кончилик коллежида давом эттирди. 2018 йилдан буён эса Навоий шаҳридаги 16-умумтаълим мактабида ўқувчиларга кимё фанидан сабоқ бериб келмоқда. Бугун у биринчи бор Вазир жамғармаси ҳисобидан ҳар ойда тўланадиган устама учун ўтказилаётган тест синовида қатнашди.

– Ушбу мактабда 8 йилдан буён ишлаб келмоқдаман, – дейди Д.Раззоқова. – Бугунги кунда А+ даражадаги миллий сертификатга ҳам эгаман. Мактаб маъмурияти томонидан Вазир жамғармасидан бериладиган устама олиш учун номзодлар қаторига киритилдим. Бугунги ўтказилган тест синовидан 95 баллни қўлга киритдим. Устоз бунақа натижаларни қўлга киритиши учун доимий ўз устида ишлаши, педагогик маҳоратини ошириб бориши лозим. Жараёнлар шаффоф ташкил этилган. Тестларни компьютерда топширдик. Инсон омили аралашган эмас. Барча ҳаракатингизни ўзингиз назорат қиласиз. Натижангизни тест якунида билиб оласиз.

Навоий шаҳридаги вилоят “Баркамол авлод” болалар марказида Дилдора Раззоқова сингари 279 нафар педагог Мактабгача ва мактаб таълими вазири жамғармаси ҳисобидан 2025 йилда ҳар ойлик устама учун 1-босқич тест синовларини топширди.  

[gallery-21958]

Икки босқичдан иборат бўлган синовнинг дастлабки қисмида иштирокчилар дарс берадиган умумтаълим фани бўйича билим даражасини баҳолаш учун тест синовларини топширди.

Вазир жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги “Халқ таълими вазири жамғармаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан ташкил этилган. Ушбу жамғарма ҳисобидан Мактабгача ва мактаб таълими тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият юритаётган, ўқувчилари юқори натижаларга эришган малакали педагог кадрларнинг меҳнатини рағбатлантириш ҳамда ўз устида доимий ишлайдиган, ўзининг ўқитиш услубига ва халқ орасида обрў-эътиборга эга бўлган ўқитувчиларга ҳар ойда белгиланган тартибда устамалар тўланади.  

– Мен Навоий шаҳридаги 11-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида тарих фанидан дарс бераман, – дейди олий тоифали ўқитувчи Бону Исмоилова. – Бугунги Вазир жамғармаси устамаси учун дастлабки тест синовларида максимал 100 баллни қўлга киритдим. Мазкур тест синовларида иккинчи бор иштирок этяпман. Ўтган йилги тест жараёнларида 95 баллни қўлга киритган эдим. Тажриба ва ўрганишларимдан олган хулосам шу бўлдики, устоз ёки педагог доимий равишда ўз устида мунтазам ишлашса, мактабида, оиласида яратиб берилаётган шароитлардан муносиб фойдалана олса, юксак натижаларга эриша олади.  

Иккинчи босқичда тест синовларида максимал баллнинг 80 фоизи ёки ундан юқори натижа кўрсатган номзодларнинг касбий маҳоратини баҳолаш учун суҳбат ўтказилади. Суҳбат натижаларига кўра, энг юқори балл тўплаган педагог кадрларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5,5 баробари миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.  

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари