Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг Андижон вилояти ҳудудий бўлими томонидан Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларнинг педагог ходимлари ўртасида спорт мусобақалари ўтказилди.
Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан қолаверса, бешта муҳим ташаббус доирасида спорт ва соғломлаштириш ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида хотин-қизлар ўртасида волейбол, эркаклар ўртасида мини футбол бўйича ташкил этилган мусобақалар қизғин ҳамда муросасиз баҳсларга бой бўлди.
Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар агентлиги тизимидаги таълим муассасалари жамоалари иштирок этган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, волейбол бўйича Марҳамат тумани ихтисослаштирилган мактабининг аёллар жамоаси финалда Хўжаобод тумани ихтисослаштирилган мактаби жамоасини мағлубиятга учратиб, биринчи ўринни қўлга киритди.
[gallery-10854]
Футбол мусобақасида биринчи ўринни Қўрғонтепа тумани ихтисослаштирилган мактаби жамоаси эгаллади. Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлигининг Андижон вилояти ҳудудий бўлимининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ф.Убайдуллаев,
З.Умрзоқов (сурат), ЎзА