Педагогларнинг касбий маҳоратини доимий ошириб бориш муҳим аҳамият касб этади. Ташкил этиладиган маҳорат дарслари ўқитувчиларга замонавий таълим усуллари, инновацион технологиялар ва интерактив методикаларни ўрганиш имконини беради. Шу орқали педагоглар ўз тажрибасини бойитади, ўқувчилар билан ишлашда янги ёндашувларни қўллайди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, А.Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти ҳамда ЮНЕСКО ҳамкорлигида мастер-тренерларни тайёрлаш дастури олиб борилмоқда. “Услубий экспертиза, режалаштириш, ташкил этиш ва баҳолаш” мавзусига бағишлаб ташкил этилган навбатдаги тренинг машғулотлари ЮНЕСКО эксперти, профессор Катарина Попович томонидан олиб борилди.

Тренингда қатнашган мастер-тренерлар кейинчалик халқаро мутахассислар билан биргаликда Бухоро, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларидан танлаб олинган 300 нафар ментор учун ўқувлар ташкил этиши режалаштирилган.

Шунингдек, тренинг давомида иштирокчилар турли назарияларга асосланган дидактик танловлар, эҳтиёжларни турли даражаларда баҳолаш, компетенцияга йўналтирилган натижаларни шакллантириш бўйича билим ва кўникмага эга бўлишди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА