Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Педагоглар илмий-амалий тренинг ҳафталигида маҳорат оширди
16:17 / 2024-03-30

Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги томонидан Буюк Британиянинг "Cambridge" университети ҳамкорлигида агентлик тизимидаги Президент мактаблари ижрочи ва академик директорлари, STEM, иқтисод ва бизнес асослари фанлари бўйича хорижий ҳамда маҳаллий ўқитувчилари учун илмий-амалий тренинглар ҳафталиги ўтказилди.

Мазкур ўқув-тренингларида STEM (Science, Technology, Engineering, and Mathematics) ва компьютер таълими фанлари йўналишида амалий ва лаборатория ишларини самарали олиб борилишига асосий урғу берилди.  

Тренинг педагог кадрларнинг 2024 йилга мўлжалланган "Cambridge" ўқув дастурига киритилаётган янгилик ва ўзгаришларни ўрганишини таъминлайди. Шунингдек, жараён замонавий таълим амалиётига мос келадиган методика ва усулларни қамраб олиб, иштирокчиларнинг умумий ўқитиш маҳоратини оширади. Амалий шаклдаги ўқувларга эътибор қаратилганда, ўқитувчилар амалий кўникмаларга эга бўлади. Бу, айниқса, олинган билимларни амалиётда қўллаш ва тажрибалар ўтказиш асосий компонентлари бўлган STEM фанларини ўрганишда жуда фойдалидир.

"Cambridge" ўқув дастури бутун дунёда тан олинган бўлиб, ушбу ўқув дастури бўйича ўқитиш ўқитувчилар ва уларни ўқитиш усулларини халқаро таълим стандартларига мослаштиради.

Шунингдек, бу каби ўқув-тренинглари ўқитувчиларга янги алоқаларни ўрнатиш, тажриба алмашиш ва амалиётчи педагоглар ҳамжамиятини яратиш имкониятини яратади.

Ўз мутахассислиги бўйича билимлардан ташқари, тренинг ўқитувчиларнинг умумкасбий ва шахсий ривожланишига катта ҳисса қўшади, уларнинг касбий ўсиши истиқболларини оширади.

[gallery-16686]

Ҳафталик ёпилиш маросимида "Cambridge University Press&Assessment" халқаро таълим ташкилотининг Европа ва Ўрта Осиёдаги таълим ислоҳотлари бўйича раҳбари Стив Кинг, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги директори Алишер Уббиев, "Cambridge" университети профессор-ўқитувчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳ. Умарова мамлакатимизда сўнгги йилларда таълимга берилаётган катта эътибор самараси мактабгача ва мактаб таълими тизимида кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилаётгани хусусида сўз юритди. Жумладан, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаб ўқувчилари томонидан эришилаётган ютуқлар, халқаро ва маҳаллий олимпиадаларда қўлга киритилаётган юксак натижалар, хорижий тил билиш сертификатлари ва ўқувчиларнинг нуфузли халқаро университетларга грант асосида муддатдан олдин қабул қилинаётгани қайд этилди. Бунда нуфузли халқаро таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирлар алоҳида аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Президент мактабларининг 236 нафар ўқитувчи ҳамда мактаб бошқарув жамоаси аъзолари мазкур тренингларда янгиланаётган "Cambridge" ўқув дастурларини тубдан тушуниш, мазкур ўқув дастурларига мос келадиган кенг қамровли дарс режаларини ишлаб чиқиш, лаборатория машғулотларини олиб бориш, "Cambridge" янги таълим методикалари, баҳолаш стратегияларидан фойдаланиш ва уларни Ихтисослаштирилган таълим муассасалари ҳамда миллий ўқув дастурларига интеграция қилиш каби йўналишда билим ва малакасини оширди.

Мазкур тренингларда назарий ва амалий машғулотлар тўлиқ инглиз тилида, таржимонларсиз олиб борилди.

Тадбирда таъкидланганидек, агентлик тизимидаги барча мактаблар, жумладан, Президент мактаблари ўқитувчиларини таълимдаги сўнгги замонавий ёндашувлар билан таништириш, ўқитишнинг инновацион методикаларини ўрганиш ва улар асосида дарсларни ташкил этиш мақсадида тизимда изчил ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ўқитувчилар нуфузли хорижий таълим ташкилотларида ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаб қайтмоқда.

Камола ЮСУПОВА, Рустам НАЗАРМАТОВ (сурат) ЎзА мухбирлари