Ҳар бир мамлакат равнақида, келажак авлод камолотида таълим-тарбиянинг, устоз-педагогларнинг ўрни ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шундай экан, ушбу соҳага ҳар доим алоҳида эътибор қаратиш долзарб масалалардандир.
Айни кунларда қизғин муҳокама қилинаётган Конституциявий қонун лойиҳасида бу борада қатор янгиликлар ўз аксини топмоқда. Давлат мактабгача таълим ва тарбияни ривожлантиришга кўмаклашиши, бепул умумий ўрта таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши ҳамда педагог ходимларнинг мақомини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлашга доир нормалар таълим-тарбия соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Бу каби ўзгариш ва янгиланишлар хусусида педагогика вакилларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.
Шуҳрат Сулаймонов, Бухоро вилояти Олот туманидаги 27-сон умумтаълим мактаби директори:
— Янги Ўзбекистонни ривожлантириш даврида Қомусимизнинг айрим саҳифаларига ҳам замон талабига мос равишда ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга эҳтиёж юзага келди. Шу талаб билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига киритилаётган ўзгартиришлар юртимиз ва халқимиз келажаги учун айни муддао деб ўйлайман.
Мазкур моддада мактаб ишлари, мактабгача таълим ва тарбия давлат назоратида бўлиши, умумий ўрта таълим мажбурий эканлиги, педагог ходимларнинг мақомини ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш жамият ва давлатнинг мақсади ҳамда масъулиятли вазифаси эканлиги алоҳида белгилаб қўйилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, биз педагоглар фаолиятининг Асосий қонунимиз даражасида ҳимояланиши, касбий фаолиятимизга ҳеч кимнинг аралашмаслиги келажакдаги педагогик тизим равнақи учун алоҳида йўл бўлади. Бу ҳар бир пегагог ходимга маънавий мадад, руҳ бағишлайди, доимо давлат эътиборида, ҳимоясида эканлигини ҳис қилган ҳолда ўз вазифаларини астойдил бажариш иштиёқини оширади.
Шу билан бирга, ишчи-ходимларнинг дам олишларини ҳимоялаш борасидаги қилинаётган ўзгартиришлар мақсадга мувофиқ. Бу каби ўзгартиришларнинг барчаси Ватанимизда инсон қадри улуғлигини яна бир карра исботлайди.
Хулоса ўрнида айтганда, бир устоз-педагог сифатида Қомусимизга киритилаётган ўзгартиришларни қўллаб-қувватлаган ҳолда бугунги ислоҳотлар жараёнида ўз фаолиятимиз билан юртимиз равнақига сидқидилдан хизмат қилишда давом этамиз.
Нафиса Исақова, Наманга вилояти Чортоқ тумани 52-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси:
— Давр ўзгаради, тараққиёт янгиланади, лекин ҳар қандай вазият ва шароитда ҳам ўқитувчининг таълим-тарбиясига эҳтиёж, маънавий талаб ўз аҳамиятини йўқотмайди. Чунки жамият ўз муҳити билан инсонни ўзгартирса, инсонни фақат илм-фан, таълим ўзгартиради ва бу, шубҳасиз, ўқитувчининг машаққатли меҳнати билан боғлиқ.
Бугун қай бир ривожланган мамлакатнинг тараққиёт тенденцияга юзланманг, унда илм соҳибларига, хусусан, педагогларга юксак ҳурмат, катта эътибор самарасини англаш қийин эмас. Мамлакатимизда ҳам устоз ва муаллимлар ҳурмати, ижтимоий мақомини кўтариш ҳақида жуда кўп бонг урилди. Бироқ давлат ва жамият ҳаётида унинг обрўсини ошириш, нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ ва таъсирчан амалий тадбирлар, афсуски, етарлича амалга оширилмади.
Узоққа бормайлик, яқин тарихимизда пахтани ўтоқ қилиш, йиғим-теримида қатнашиш, катта магистраль йўлларнинг атрофини тозалаш, ҳашар, маҳалла фуқаролар йиғинларининг уйма-уй юриб бажарадиган ишларининг барчасида ўқитувчи “ижрочи” эди.
Бугун эса Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар бўйича Конституциявий қонун лойиҳасининг 41-моддасида ўқитувчининг жамиятда тутган юксак ўрнини юқори даражада эътироф этиб, муҳрлаб қўйиш таклиф этилмоқда. Яъни, педагог ходимларнинг касбий фаолиятига аралашишга, шунингдек, уларнинг хизмат мажбуриятларини бажаришига монелик қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.
Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш учун ҳам бизга ана шундай қатъий мақсадлар ҳар томонлама зарур ва шарт. Негаки, ҳар қандай жамият уйғониши, тараққиёти асосини илм-фан, таълим-тарбия, санъат, адабиёт, янги технология, инновациялар ташкил этади. Илм-фанни эса, албатта, ўқитувчи, устоз ўргатади ва юксалтиради. Шундай экан, мен кўп йиллик тажрибага эга педагог сифатида Конституциямизга қиритилаётган бу каби ўзгартишларни тўла қўллаб-қувватлайман.
ЎзА мухбири Муҳтарама Комилова
тайёрлади