Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Педагогик маҳорат марказига пресс-тур
12:18 / 2025-02-01

Жиззах вилоят педагогик маҳорат марказида 2024 йил якунлари ва 2025 йилдаги устувор вазифаларга бағишлаб матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб ўтган 2024 йил якунлари, жамоа аъзолари томонидан қўлга киритилган ютуқлар, янги ўқув йилидаги режалар юзасидан вилоят педагогик маҳорат марказ раҳбари Ижод Аҳмедов, ўринбосарлари Аҳадулла Раҳматуллаев ва Анвар Рўзиевларнинг ахборотларини диққат билан тинглади.  

Марказ аъзолари томонидан давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 21 июндаги “Мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, педагогларнинг узлуксиз касбий ривожланиши учун етарли шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилган ташкилий-методик ишларга катта эътибор қаратилганлиги таъкидланди.  

[gallery-21553]

– Вилоят педагогик маҳорат марказида 4 та: мактабгача, бошланғич ва махсус таълим методикаси, педагогика ва психология таълим технологиялари, аниқ ва табиий фанлар методикаси ҳамда тилларни ўқитиш ва ижтимоий иқтисодий фанлар кафедралари ҳамда 8 та бўлим мавжуд, – дейди марказ раҳбари Ижод Аҳмедов. – Жорий йилнинг январь ойидан бошлаб  мактабгача ва мактаб таълими ташкилотлари ходимларини узлуксиз касбий ривожлантиришнинг вертикал тизими йўлга қўйилди. Улар учун  ҳар беш йилда бир маротаба иш фаолиятидан ажралган ҳолда ўтказиладиган малака ошириш курслари жорий этилган.  

Юқоридаги қарор ижросига кўра, вилоят педагогик маҳорат марказида 2025 йил январь ойида 14 та йўналиш бўйича 20 та гуруҳда 500 нафар тингловчи таълим олганлиги қайд этилди. Зомин, Зарбдор, Янгиобод туманлари ва Сирдарё вилоятининг яқин ҳудудларидан тингловчиларни Зомин педагогика коллежи биносида ўқитиш бўйича чоралар кўрилаётгани, шунингдек, марказ биноси учун кампус қурилиши ҳақида маълумот берилди.

– Жорий йилдан бошлаб ҳар бир туманда мактабгача таълим ташкилотлари учун касбий ривожланиш соати ва кунлари ташкил этилади, – дейди марказ раҳбари ўринбосари Аҳадулла Раҳматуллаев. – Марказ директорининг хорижий маслаҳатчиси инглиз тили дарсларида методик кўмак кўрсатиши белгиланган. Ҳудудий марказ профессор-ўқитувчилари, ходимлари фаолияти рейтингини ва меҳнат самарадорлигини аниқлаш бўйича мезонлар ишлаб чиқилиб, мониторинг олиб борилиши йўлга қўйилганини  ҳам  алоҳида таъкидлаган бўлардим.

Ушбу жараён ҳақида тўлиқ маълумотлар берилгач, хусусий МТТлар педагог-тарбиячиларини малака ошириш курсларига жалб этиш, турли тилларда ўқитишни ташкил этиш ҳамда марказ ходимларининг малакасини ошириш, тингловчиларни ётоқхона билан таъминлаш каби мавзуларда ҳам қизғин савол-жавоблар бўлди.

Шунингдек, матбуот анжумани якунида марказ фаолиятининг жамоатчилик учун очиқлик даражаси юқори баҳоланиб, оммавий ахборот воситлари билан ҳамкорликнинг давомий бўлиши таклиф қилинди.

А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари