Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида профессионал таълимни ислоҳ қилиш ҳамда педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштиришга оид йиғилиш бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарининг педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини такомиллаштириш борасидаги қарорлари ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги таҳлил қилиниб, уларни янада жадаллаштириш бўйича вазифалар белгиланди.
Хусусан, педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг таълим дастурларини Миллий малака рамкаси, Таълимни халқаро стандарт классификатори ва халқаро баҳолаш дастурлари талабларига мувофиқлаштириш ишларини янада жадаллаштириш, бу ишларга етакчи хорижий ва маҳаллий экспертларни жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбирда шунингдек, жорий йилнинг 15 июнь куни Президентимиз раислигидаги ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси ҳам батафсил муҳокама қилинди.
Ушбу вазифалар бўйича таклифлар тайёрлаш ва муассасалар фаолиятини ташкил қилишга ҳудудлардан амалиётчилар, иш берувчилар, илғор директор ва педагогларни ҳам жалб қилган ҳолда ишчи гуруҳлар фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
Йиғилишда вазирлик ва идоралар вакилларининг кун тартибидаги масалалари бўйича ҳисоботлари тингланиб, белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда кузатилаётган муаммоларни ҳал қилиш бўйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Муҳокама қилинган масалалар бўйича ишларни жадаллаштириш юзасидан доимий ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.
Н.Усмонова, ЎзА