Бу давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 27 декабрь куни қабул қилинган “Самарқанд вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни янада жадаллаштириш тўғрисида”ги қарорида белгиланди.
Қарорга кўра, Каттақўрғон тумани маркази ҳисобланган Пайшанба шаҳарчаси кенгайтирилади. М-37 халқаро автомагистралидан туман марказигагача бўлган 8 километр йўл, 4 та кўприк таъмирланади. Туманга кириш дарвозаси янгиланади ва йўл бўйи хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади. Шаҳарчада 2 километр оқова сув тармоғи тортилади, 16 километр саломатлик йўлаклари яратилади.
Бундан ташқари, туманда электротехника кластери ташкил этилади ва ушбу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи 12 та корхонада кооперация муносабатлари йўлга қўйилади. Бургансой маҳалласи ҳудудида туризмни ривожлантириш учун тадбиркорлик инфратузилмаси яхшиланади. Кейинги уч йил давомида бу ерда 10 миллион долларлик туризм хизматлари ташкил этилади.
Мойбулоқ массивида эса дастлабки босқичда 500 гектар, 2030 йилгача 5 минг гектар яйлов ва лалми майдонларда пистазорлар ташкил қилинади. Туман марказидан оқиб ўтувчи Хатирчи канали қирғоғининг 0,3 километр қисмини ободонлаштириш орқали савдо ва сервис объектлари очилади.
Жизмонсой маҳалласида 200 гектар лалми ер майдонлари суғориш тизимини яхшилаш орқали узумчилик ривожлантирилади. Мелихўжа маҳалласида эса 80 гектар лалми ер майдони ажратилиб, чорвачилик агросаноат зонаси ташкил этилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири