Бугун қишлоқ жойларда томорқадан унумли фойдаланиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда оилавий даромад манбаларини кенгайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Шу жиҳатдан лимончилик истиқболли ва сердаромад йўналиш сифатида алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Айниқса, Сайхунобод туманида мазкур тармоқ иқтисодий самарадорлик билан бир қаторда ижтимоий аҳамиятга ҳам эга бўлиб бормоқда.

Лимон серҳосил, бозорда харидоргир ҳамда инсон саломатлиги учун фойдали мева ҳисобланади. Шу боис уни етиштиришга бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Айни пайтда Сайхунобод тумани Паймарт маҳалла фуқаролар йиғинида лимончиликка ихтисослашган иссиқхона хўжаликларининг ташкил этилиши кўплаб оилалар ҳаётида ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.

Давлат дастурлари доирасида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш мақсадида 2 сотихдан 4 сотихгача лимончилик иссиқхоналари барпо этилиши учун шарт-шароит яратилган. Хусусан, “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари” ва “Темир дафтари”га киритилган оилалар иш билан таъминланиб, ўз томорқасида лимон етиштириш орқали барқарор даромад манбаига эга бўлмоқда.

Паймарт маҳалласида ана шундай тадбиркорлардан бири Мамарасул Абдурасуловдир. Унинг таъкидлашича, лимончиликка қизиқиш мутахассислар тавсияси ҳамда бозор талабини ўрганиш натижасида шаклланган.

— Лимон нафақат бозорда харидоргир, балки инсон саломатлиги учун ҳам фойдали. Шу боис уни даромад манбаи билан бирга, оила саломатлиги учун муҳим маҳсулот деб биламан, — дейди у.

Бу борада унга Наманган вилоятидан бўлган тажрибали боғбонларнинг маслаҳатлари қўл келган. Улар тавсияси асосида зарур ҳужжатлар расмийлаштирилиб, туман Халқ банки томонидан 33 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган. Натижада қисқа вақт ичида 6 сотих майдонда замонавий лимончилик иссиқхонаси барпо этилиб, унга 110 туп лимон кўчатлари экилди.
Айни пайтда М. Абдурасулов иссиқхонадан олинаётган даромад ҳисобидан оиласини таъминлаб келмоқда. Шу билан бирга, у келгусида иссиқхона майдонини кенгайтириш ва турли мевали ўсимликлар етиштиришни режалаштирмоқда.
— Кейинги йилларда апельсин, мандарин, шунингдек киви ва банан каби иқлимга мос мева турларини синаб кўриш ниятим бор. Агар натижа ижобий бўлса, қўшимча иссиқхона ташкил этиш орқали маҳаллада замонавий боғ яратиш мумкин, — дейди у.
Паймарт маҳалласида лимончилик нафақат даромад манбаи, балки таълим-тарбия жараёнига ҳам хизмат қилмоқда. Жумладан, маҳаллада жойлашган 16- ва 38-умумтаълим мактаблари билан ҳамкорликда ўқувчилар учун иссиқхоналарда амалий машғулотлар ташкил этилмоқда. Бу орқали ўқувчилар биология фанидан олган билимларини амалиётда мустаҳкамлашмоқда.
Маҳалла раиси Ғулом Норматов ҳамда ҳоким ёрдамчиси Зиёдулла Худоёров бошчилигида шахсий томорқа ва иссиқхона эгалари билан “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойили асосида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Асосий мақсад бир тур маҳсулотни кўп миқдорда етиштириш орқали улгуржи харидорларни жалб этиш ва аҳоли даромадини оширишдан иборат.
Келгусида маҳалла ҳудудида “Томорқадан — дастурхонга” шиори остида махсус савдо дўкони ташкил этиш режалаштирилган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири