Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида 7 январь куни ўтказилган тезкор тадбирларда порахўрлик билан боғлиқ икки ҳолат қайд этилди.
Оқдарё туман тиббиёт бирлашмасига қарашли тез тиббий ёрдам бўлимининг 30 ёшли ходими, туманнинг Янгиобод маҳалласида яшовчи фуқарони тиббиёт бирлашмасига ҳамшира вазифасига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, ундан 700 АҚШ доллари олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Пайариқ туманидаги мактабларнинг бирининг директори Ж.Ш. эса туманнинг Бошқўрғон маҳалласида яшовчи фуқарони ўзи раҳбарлик қилаётган мактаб психология фани ўқитувчиси сифатида ишга олиш эвазига ундан 400 АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилган. Дастлаб 900 минг сўм “аванс” олган директор қолган 3 миллион 200 минг сўмни олаётган вақтда орзулари саробга айланди.
Ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.