Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу ва бошқа ҳолатлар ҳақида маълумот берди.
Ҳудудий бошқарма бошлиғи Бобохон Тойировнинг қайд этишича, 2025 йилда бюджет ва корпоратив буюртмачилар томонидан электрон тендер ва танлов савдоларида рақобат қонунчилиги талаблари таъминланганлигини аниқлаш мақсадида 1384 та танлов савдолари ўрганилган. Ўрганиш давомида 1373 та савдоларда камчиликлар аниқланган ва қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик тўғрисида 83 та кўрсатма берилган, 85 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган ва 713 миллион сўмлик молиявий жарималар қўлланилган.
– Бошқарма томонидан бозор иштирокчиларига юқори ликвидли товарлардан (ишлар, хизматлардан) фойдаланишда тенг шарт-шароитларни таъминлаш бўйича маҳсулотларни биржа савдоларига қўйиш графикларининг кунлик тенг тақсимланган ҳолда ишлаб чиқилиши, биржанинг расмий веб сайтига жойлаштирилиши, маҳсулотларни қўйишда графикларда белгиланган муддат ва ҳажмларга риоя этилиши доимий назорат қилиб борилади ҳамда маҳсулот нархлари асоссиз ошишига йўл қўймаслик чоралари кўрилади, – дейди Б.Тойиров. – Бу борада ўтган йил тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли органни хабардор қилган ҳолда 22 та корхонанинг фаолияти белгиланган тартибда текширишдан ўтказилганда 2 миллиард 543 миллион сўмлик асоссиз олинган даромадлар ва молиявий жарималарнинг ундирилиши таъминланди.
Ноҳалол рақобат ҳамда рақобатга қарши келишувлар, товар ёки молия бозорида рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг киришига тўсқинлик қилиш, уни бозордан четлатишга олиб кирувчи ҳаракатларни содир этилишининг олдини олиш юзасидан 2025 йилда ўтказилган ўрганиш натижалари бўйича инсофсиз рақобатга йўл қўйган 5 та корхонага нисбатан иш қўзғатилди. Пайариқ туманидаги 11 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси мутасаддилари сиқилган газни чакана сотиш нархларини ўзаро келишиб, асоссиз оширганлиги аниқланиб, мазкур шохобча эгаларига молиявий ва маъмурий чоралар қўлланилди.
Ҳудудий бошқарма томонидан 2025 йилда ўтказилган 119 та назорат харидининг 76 тасида қонунбузилиши ҳолати аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан ҳудудий бошқарма томонидан тегишли таъсир чоралари амалга оширилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА