Давлатимиз раҳбари яқинда Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Оқдарё туманидаги 32-умумтаълим мактабида ўқувчи-ёшларни “ҳаёт мактаби"га тайёрлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича яратилган шарт-шароит билан танишган, шундан сўнг бу тажрибани бутун республикада жорий қилиш зарурлигини таъкидлаган эди. Самарқанд вилоятидаги туман ва шаҳарларнинг ҳар бирида камида 10 тадан мактабда жорий йилда ушбу тажриба асосида ўқувчиларга иккита хорижий тил ва касб-ҳунар ўргатиш вазифаси қўйилганди.
Президент ташрифидан кейин вилоятдаги барча туман ва шаҳар ҳокимлари, шунингдек, мактаб ва мактабгача таълим бошқарма ҳамда бўлимлари масъуллари Оқдарёга бориб, 32-мактаб тажрибасини ўрганиб келди.

Пайариқ туманидаги 3, 15, 19, 20, 35, 62, 68, 71, 84 ва 102-умумтаълим мактабларида ушбу тажрибани жорий этиш белгиланган. Бугун туман ҳокими Исроил Жабборов белгиланган мактабларга бориб, янги тизимни йўлга қўйиш учун мавжуд имкониятларни ўрганди.
Жумладан, 68 ва 102-умумий ўрта таълим мактабларида “Ҳаёт мактаби” ташкил этиш, ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.
– Бу шунчаки, номига ташкил этиб қўйиладиган жараён эмас. Эртага ана шу 10 та мактабимиз тумандаги бошқа таълим муассасаларига бу борада намуна бўлади. Шунингдек, бу мактабларда ташкил этилган “Ҳаёт мактаб”лари фаолиятига ўқув йили якуни билан баҳо берилади, – деди И.Жабборов.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири