Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пайариқда бу йил 44 та боғча ташкил этилади
17:26 / 2021-05-25

Бугунги кунда Пайариқ туманида мактабгача таълим ёшидаги (3-7 ёшли) болалар 24 минг нафардан ортиқни ташкил этади. Маълумотларга кўра, уларнинг 14377 нафари (59,3 фоизи) боғчага қамраб олинган. Айни пайтда туманда 190 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият олиб бормоқда. Уларнинг 47 таси давлат тасарруфида бўлса, 3 таси нодавлат, 8 таси давлат-хусусий шериклик асосидаги, 132 таси эса оилавий боғча ҳисобланади.

– Шу йилнинг 24 май куни давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган ҳудудларда мактабгача таълим муассасалари қамровини кенгайтириш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилишда тизимда амалга оширилаётган ишлар танқидий таҳлил этилиб, йўл қўйилган камчиликлар кўрсатиб ўтилди, – дейди Пайариқ тумани мактабгача таълим бўлими мудири Н.Зоиров. – Шунингдек, Президентимиз олдимизда турган вазифаларни белгилаб берди. Давлат томонидан берилган имконият ва имтиёзлар натижасида хусусий ва оилавий боғчалар ҳам кўпайгани таъкидланиб, таълим-тарбия мазмунига жиддий эътибор қаратиш, оилавий боғчаларга ўқув қўлланма ва методик материалларни бепул етказиб бериш лозимлиги қайд этилди. Албатта, бундай имтиёз олис ҳудудларда ҳам хусусий ва оилавий боғчалар ташкил этиш, уларни зарур ўқув адабиётлар, жиҳозлар билан таъминлаш имкониятини кенгайтиради.  

Йиғилишда таъкидланганидек, олис ҳудудларда мактабгача таълим қамровини кенгайтиришнинг яна бир манбаси – давлат-хусусий шериклик асосидаги боғчалардир. Бугунги кунда бундай муассасаларда бир бола учун 50 фоиз харажатлар субсидия қилиб келинмоқда.  

 Айни пайтда туманимизнинг чекка ҳудудларида жойлашган олти маҳаллада боғча йўқ. Бу ҳудудларда масаланинг ечими сифатида оилавий боғча ташкил этиш таклифи билдирилиб, ҳудуд аҳолиси ўртасида тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Албатта, ташаббускорлар томонидан таклифлар айтилмоқда ва улар белгиланган тартибда ўрганиб чиқилиб, хулоса берилмоқда. Чунки, тегишли дастурлар асосида ёки маҳаллий бюджет ҳисобидан йилига икки-учта давлат боғчаси қуриш мумкин. Давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган боғчалар ҳам саноқли. Аммо давлат томонидан берилган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб, оилавий боғча ташкил этиш тадбиркор учун ҳам, ўша ҳудуд аҳолиси учун ҳам ҳар жиҳатдан фойдали бўлади.

Жорий йилда туманнинг Шўртепа ва Деҳқонобод маҳаллаларида ҳар бири 120 ўринли иккита давлат мактабгача таълим ташкилоти, Бешқўрғон ва Мирзо Улуғбек маҳаллаларида эса давлат-хусусий шериклик асосида ҳар бири 50 ўринли иккита боғча бунёд этилмоқда. Бундан ташқари умумий қуввати 1000 ўринли бўлган 40 та оилавий мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиши режалаштирилиб, ҳозирда 20 га яқини бўйича битим имзоланди. Ушбу боғчаларнинг ташкил этилиши билан туманда болаларнинг мактабгача таълимга қамрови 62,4 фоизга етиши кутилмоқда.

 

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА