Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пахтанинг асосий қисми машиналарда терилади (+видео)
18:09 / 2025-07-11

Ўзбекистон Президенти қишлоқ хўжалигида қўл меҳнатига барҳам бериб пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш масаласида тегишли топшириқлар берди, қарорлар қабул қилди. Унинг ижроси туфайли пахтани барвақт йиғиб олиб, ўрнига зарур зироатни экиш имкони пайдо бўлади. Фермер харажати камайиб даромади ошади. Энг муҳими қўл кучига эҳтиёж кескин қисқаради.

– Президент қарори ижросини таъминлаш мақсадида 2024 йилда “Fergana Swan Cotton industrial Machinery” заводи ташкил бўлди. Ўтган йили 50 дан ортиқ пахта териш машиналари етказиб берилди, – дейди “O‘zagrolizing” Фарғона вилояти филиали директори Ғофуржон Матхолиқов. – 2025 йилда эса мазкур компания томонидан 300 дона ишлаб чиқариш ва етказиб бериш режалаштирилган. Бундан 160 донаси Фарғона вилояти учун. Ҳозирда фермерлар билан шартномалар тузилиб аванс маблағлари шакллантирилган. Айни кунларда 160 та механизатор гуруҳларга бўлиниб ўқитилмоқда. 

Ҳа, 2024 йилда вилоят пахта далаларида хизмат қилган терим машиналари билан 12 минг тоннадан зиёд пахта ҳосили териб олинди.

Бу йил ҳам “Fergana Swan Cotton industrial Machinery” компанияси томонидан Фарғона вилоятига кетма-кет терим машиналари келтирилмоқда. 

– 40 гектар пахта майдонимиз бор. Ўтган йили ҳар гектаридан 40 центнердан ҳосил йиғиштириб олдик. 160 га яқин теримчини жалб қилган эдик, – дейди “Неъматжонҳожи УХУ” фермер хўжалиги раҳбари Ғиёсиддин Неъматов. – Бу йил эса терим машинаси сотиб олдик. Мақсадимиз ҳосилни тез, машиналарда териб олиб ерни ҳайдаб дон экишдир. 

Фермерлар терим машиналарини сотиб олиши учун қулай шароитлар жорий этилган.

– Президентимиздан миннатдормиз. Янги қарор фермерлар учун қулайликлар яратди. Терим машинасини 3,6 миллиард сўмга сотиб олсак, унинг 12 фоиз қўшимча қиймат солиғи ва нархнинг 15 фоизи миқдорида, жами 27 фоизи маблағ фермерга қайтариб бериляпти, – дейди қувониб фермер. 

Шу кунларда пахта териш машиналарини сотиб олган фермер хўжаликларининг механик – ҳайдовчилари учун ўқув машғулотлари ташкил этилган. Хитойлик мутахассислар агрегатни бошқариш билан боғлиқ барча билимларни ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан ўргатмоқда.

Яна бир қулайлик шундаки, пахта териш машиналари ҳамиша назоратда бўлиб, уларга техник хизмат кўрсатиб борилади.

– Агролизинг ва “Fergana Swan Cotton industrial Machinery” корхоналари ўртасида тузилган шартномага кўра, сотиб олинган пахта териш машиналарга сервис хизмати кўрсатилади. Бунинг учун 24 соат ишлайдиган Call center ташкил этилган, – дейди Ғофуржон Матхолиқов. – Қолаверса Хитой республикасидан 60 нафар мутахассислар жалб этилган. 

Пахта йиғим-терими мавсумигача шартномадаги қолган миқдордаги терим машиналари Фарғонага келтирилади.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/zKaO-1mIEEw" title="Paxtaning asosiy qismi mashinalarda teriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА

Тасвирчи: Элёр Олимов