Жорий йил Қоровулбозорда пахтачилик йўналишида 154 та фермер хўжалигида 5 минг 318 гектар майдонда серҳосил навларга мансуб чигит экилиб, агротехник талаблар асосида парваришланди.
Деҳқончилик мавсумида 14869 тонна тоннага етказиб қимматбаҳо пахта хомашёсини етиштириш бўйича “Бухоро Агрокластер заминлари” ва “Арк эко текстил” МЧЖ шаклидаги пахта-тўқимачилик кластерлари билан контрактация шартномалари тузилди.

Ҳудуддаги “Навбаҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида 1 минг 605, “Бўзачи” маҳалла фуқаролар йиғинида 1 минг 740, “Жарқоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида эса 2 минг гектардан ошиқ майдонда саноат учун қимматбаҳо “оқ олтин” етиштирилди. Жорий мавсумда 1250 гектар ерга Хитойдан келтирилган “Хин Лу Зао-57” навига мансуб барака уруғи қадаб, янгича агротехник усулда мўл ҳосил етиштирилди.

Сентябрь ойи дастлабки ҳафтасидан бор куч ва имконият машаққат билан етиштирилган ҳосилни нобудгарчиликларсиз йиғиб-териб олишга қаратилди. Жараёнда маҳалла ва қишлоқ кўнгиллилари, фермер хўжаликлари аъзоларидан жами 1700 дан ошиқ ҳашарчи-теримчини ўзида жамлаган 18 та отряд шакллантирилди. Теримга жалб қилинган, худди шундай, “FM World”, “Sase” русумли 8 та замонавий пахта териш комбайни кучидан фойдаланилгани ўз самарасини берди.

Бугунга келиб терим агрегатларида 8700 тоннадан ошиқ, чевар теримчилар қўли билан эса 7300 тонна “оқ олтин” хирмон барпо қилинди. Қабул масканида сараланган “оқ олтин” хирмони 15 минг тоннага етди. Теримда қатнашган ҳашарчиларга тижорат банклари томонидан 11 миллиард 998 миллион сўм тўлангани ўнлаб оила моддий манфаатдорлигидан далолатдир.
Зариф Комилов, ЎзА