ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилоятида аҳоли бандлигини таъминлаш ва таълим соҳасида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида Пахтакор туманида “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Туманнинг 9-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тадбир Пахтакор тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ташаббуси билан туман ҳокимлиги, прокуратура ва ички ишлар бўлимлари ҳамкорлигида ўтказилди. Унда туман ҳокими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарлари, таълим соҳаси мутасаддилари ҳамда иш берувчи ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
[gallery-27510]
Меҳнат ярмаркасида тумандаги 19 та умумтаълим мактаби ва 16 та давлат мактабгача таълим ташкилоти иштирок этиб, янги ташкил этилаётган 17- ва 18-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун жами 67 та бўш иш ўрни таклиф қилинди. Бўш иш ўринлари педагог, тарбиячи ёрдамчиси, ошпаз, хўжалик ва бошқа техник лавозимларни ўз ичига олди.
Тадбир давомида иш излаб келган фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, меҳнат қонунчилиги, ишга жойлашиш тартиблари ва ижтимоий кафолатлар бўйича тушунтиришлар берилди. Жами 87 нафар фуқаро ҳуқуқий ва амалий маслаҳатлар билан қамраб олинди.
— Бундай меҳнат ярмаркалари таълим муассасаларининг барқарор фаолиятини таъминлаш, кадрлар захирасини шакллантириш ва ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга, - дейди Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Мадина Турғунова.
Қайд этилишича, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган бундай тадбирлар Пахтакор туманида изчил давом эттирилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/D1AOS5RgauU" title="Paxtakorda bo‘sh ish o‘rinlari mehnat yarmarkasi o‘tkazildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат ва видео), ЎзА