Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Пахтакор” жорий йилдаги илк расмий учрашувида фақат ғалаба учун майдонга тушади
09:39 / 2025-02-04

Икки ойлик танаффусдан сўнг, қитъамиз футбол клубларининг энг катта турнирларидан бири бўлган Осиё Элит чемпионлар лигасининг навбатдаги тури старт олди. Аниқроғи, 2024-25 йилги мавсумда янгича форматда ўтаётган мазкур мусобақанинг 7-тури доирасида дастлабки баҳслар ўтказилди.

Унда “Ал-Айн” – “Ал-Райян” 1:2,  “Истиқлол” – “Ал-Шорта” 1:1, “Ал-Садд” – “Ал-Аҳли” 1:3, “Ал-Наср” – “Ал-Васл” 4:0 ҳисоблари қайд этилди.    

Мазкур натижалардан сўнг “Ал-Аҳли” клуби очколарини 19 тага етказиб олган ҳолда пешқадамга айланди. “Ал-Наср” эса йирик ғалаба эвазига очколар сонини 16 тага етказиб, “Ал-Ҳилол” жамоасига етиб олди. Шунингдек, “Ал-Садд” 12, “Ал-Васл” 10, “Ал-Райян” 8,  “Персеполис” ва “Истиқлол” клублари 6 очко жамғариб, кучли 8 таликка якун ясаб берди. “Пахтакор” ва “Ал-Гарафа” ҳозирда 4 очко билан 9-10 ўринларда бораётган бўлса, “Ал-Шорта” 3, “Ал-Айн” эса 2 очко билан кейинги қуйи ўринларда қолди.  

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, бугун, 4 февраль куни лиганинг 7-тури доирасида “Ал-Гарафа” – “Пахтакор”, “Ал-Ҳилол” – “Персеполис” клублари ўзаро рақобатлашади.    

Ушбу учрашувлардаги қайд этилган натижалардан сўнг, юқоридаги жадвал бироз ўзгариши мумкин. Биз учун аҳамиятлиси эса пойтахтимиз клуби “Пахтакор” сафарда ўтадиган “Ал-Гарафа”га қарши ўйинда зафар қучса, очколарини 7 тага етказган ҳолда “Ал-Ҳилол” – “Персеполис” баҳси натижасидан қатъи назар кучли саккизталикка қўшилади.  

Энди эса “Ал-Гарафа” ва “Пахтакор” клубларига оид айрим фактларни эътиборингизга ҳавола этамиз.  

Бу жамоалар илк бор 2002 йил ОЧЛ мусобақасининг 3-саралаш раундида Доҳада рақобатлашган. Унда “Пахтакор” 3:4 ҳисобида мағлуб бўлган ва Тошкентда рақибни 3:0 ҳисобида доғда қолдирган. 2008 йил ОЧЛ гуруҳ босқичида Қатарда 2:2 натижаси қайд этилган. Тошкентда "Пахтакор" яна рақибдан кучлироқ эканини исботлаган ҳолда 2:0 ҳисобида зафар қучган. 

Шунингдек, 2010 йил нимчорак финалда "Ал-Гарафа" 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган. 2018 йилги мусобақанинг плей-офф босқичида “шерлар” устидан рақиб жамоа 2:1 ҳисобида зафар қучган.  

“Пахтакор” шу кунга қадар Қатарнинг 6 клуби – “Ал-Гарафа”, "Ал-Садд", "Дуҳайл", “Қатар” СК, “Араби” ва " Ал-Райян" жамоаларига қарши жами 19 учрашувда майдонга тушган ва 5 тадан ғалаба ва дуранг ҳамда 9 мағлубият натижа кўрсатган.  

Маълумот ўрнида: Осиё Элит чемпионлар лигасининг 7-туридан ўрин олган "Ал-Гарафа" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги ўйин Тошкент вақти билан соат 21:00 да бошланади. Қатарда бўлиб ўтадиган ушбу беллашувда мезбонлар сариқ рангли либосда ҳаракат қилса, тошкентликлар оқ-кўк рангдаги футболкаларда майдонга тушади.    

Жавоҳир Тошхўжаев,

ЎзА