Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси бош мураббий Камолиддин Тожиев қўл остида янги мавсумга тайёргарликнинг сўнгги босқичини Туркияда ўтказмоқда.
Анталия шаҳрида ташкил этилган халқаро ўқув-машғулот йиғини доирасида пойтахт клуби аъзолари нафақат машғулотлар, балки бир қатор назорат учрашувларида ҳам ўз имкониятларини синовдан ўтказмоқда. Жумладан, “Пахтакор” Молдованинг "Петрокуб" клубини 3:2 ҳисобида енгди. Қозоғистоннинг "Қайрат" жамоаси билан эса 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Эртага, 12 февраль куни иккита учрашув ўтказади.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, пойтахтимизнинг бош жамоаси шу куни Украинанинг "Эпицентр" ва "Оболонь" жамоаларига қарши майдонга тушади. Ушбу учрашувдан сўнг жамоа яна икки ўйин ўтказади, сўнгра Ўзбекистон Суперлигасининг илк турида “Қизилқум”га қарши ўйинга бор эътиборини қаратади.
Жамоа ҳолати ҳақида хабар берадиган бўлсак, ҳозирча Фламарион тўлиқ таркибдаги машғулотларда иштирок этмаяпти. Чигалёзди машғулотларни жамоа билан бирга қилган ҳолда, қолган пайт якка тартибда шуғулланяпти. Шерзод Насруллаевда эса микро жароҳат бор. Абдурауф Бўриев эса асосий таркибга қайтди.

Дарвоқе, Ҳожиакбар Алижонов билан "Пахтакор" келишувини 2027 йил охирига қадар узайтирди. 2018 йилдан бери асосий таркибда ўйнаб келаётган ҳимоячи Суперлигада 166 ўйинда 8 гол уришга эришган.
"Пахтакор" таркибида барча мусобақаларда 234 учрашувда иштирок этиб, 11 тўп киритган. Ҳозиргача Ҳожиакбар жамоа билан 5 марта Ўзбекистон чемпионати, 3 бор Ўзбекистон кубоги, 2 марта Суперкубок ҳамда бир бор Лига кубогида зафар қучган.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА