Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг иккинчи туридан ўрин олган барча учрашувлар ўз якунига етди. Ўтказилган 8 та ўйиннинг 6 таси ғалаба билан, қолган иккитаси дуранг қайд этилган ҳолда якунланди.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, иккинчи тур доирасида ўтказилган “Нефтчи” ва “Қўқон-1912” клублари ўртасидаги ўйинда ҳисоб очилмади. Пойтахтимиздаги “ЖАР”стадионида ўтган “Бухоро“ – “Қизилқум“ баҳси 2:0 ҳисобида тугади. “Шўртан“ меҳмони бўлган “Бунёдкор“ сафардан 0:2 ҳисобидаги ғалаба билан қайтган бўлса, “Динамо“ ўз майдонида “Машъал“ жамоасини 1:0 ҳисобида таслим этди.

Турнинг марказий ўйини дея эътироф этилган “Андижон” ва “Насаф“ жамоалари баҳси 1:1 ҳисобида ўз ниҳоясига етди. Шунингдек, ушбу турда “Хоразм“ – “Сурхон“ 2:0, “Сўғдиёна“ – “Навбаҳор“ 2:3 ҳамда ОКМК – “Пахтакор“ 2:0 ҳисоби қайд этилди.

2-турдан сўнг мусобақа жадвалида ОКМК ва “Хоразм” 6 очко тўплаб, 1-2 ўринлардан жой олди. “Навбаҳор”, “Динамо“, “Насаф“ ва “Бунёдкор” клублари 4 очко жамғарган ҳолда кейинги поғоналардан ўрин олган бўлса, “Бухоро” ва “Қизилқум“ 3 очко билан 7-8 ўринга жойлашди.

Водийнинг уч клуби “Қўқон 1912”, “Нефтчи” ҳамда “Андижон” жамоалари 9-11 ўринларда қолди. “Пахтакор”, “Сўғдиёна”, “Сурхон”, “Машъал” ҳамда “Шўртан” ҳамон очкосиз қолмоқда. Бироқ шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, “Пахтакор” ва “Машъал” клублари қолган жамоаларга нисбатан битта кам ўйин ўтказган.
Суперлиганинг учинчи тур ўйинлари ФИФА кунлари муносабати билан 27-29 март кунлари бўлиб ўтади. Қуйида ушбу турда бўлиб ўтадиган ўйинлар билан танишасиз:
27 март:
“Қўқон-1912” – “Шўртан”
“Хоразм” – “Бухоро”
28 март:
“Навбаҳор” – “Андижон”
“Бунёдкор” – “Сурхон”
“Қизилқум” – ОКМК
29 март:
“Насаф” – “Нефтчи”
“Машъал” – “Сўғдиёна”
“Пахтакор” – “Динамо”
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА