Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани Маданият марказида “Янги Ўзбекистонда – эл азиз, инсон азиз!” шиори остида маданий-маърифий тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Сиёсатшунослар, адабиёт, санъат, маданият намоёндалари ва Ўзбекистон давлат филармониясининг бир гуруҳ санъаткорлари ҳамда маҳаллий ижрочи ёшлар иштирок этган маданий-маърифий тарғибот тадбирини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси сари” ғояси асосида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, юртдошларимиз, аввало, ёшлар қалбида ислоҳотларга дахлдорлик, улар орасида ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, миллатлар ўртасидаги дўстлик, бугунги осойишта кунимизга шукроналик туйғуларини кучайтиришдир.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда давлатимиз раҳбари олиб бораётган инсонпарварлик сиёсати ёшларга куч-қувват бағишлаб, келажакка бўлган ишончни мустаҳкамлаётгани алоҳида таъкидланди.
[gallery-19258]
Гала-концерт давомида элимиз ардоғидаги санъат усталари, вилоятдан ташриф буюрган раққосалар гуруҳининг чиқишлари барчага хуш кайфият улашди.
Ушбу тадбир юртдошларимиз қалбида тинч, обод ва тўкин Ватанда аҳил, иноқ яшаётганидан миннатдорлик, фахр-ифтихор туйғуларини янада мустаҳкамлшга хизмат қилди.
– Мамлакатимизда янгидан қабул қилинаётган ва янгиланаётган қонунлар, Президентимиз ва ҳукуматимизнинг чиқараётган фармон, қарор ва фармойишлари замирида инсон манфаати мужассамлашган, халқ амалдорларга эмас, балки улар халққа хизмат қилмоқда, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, II даражали “Соғлом авлод учун” ордени соҳиби Баҳодир Мирзақулов. – Фуқароларимиз, айниқса, ёшларимизнинг сиёсий, ҳуқуқий ва маданий савияси юксалишида – юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган муҳим ҳужжатлар мазмун-моҳияти, жаҳон айвонида рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан хабардор қилиб бориш ва, албатта, миллат санъатидан баҳра олиб, маданий ҳордиқ чиқариш муҳим аҳамият касб этади. Бундай самимий ва очиқ мулоқотлар, маданий-маърифий тадбирлар янада кўпроқ ташкил этилиши мақсадга мувофиқдир.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари