Жиззах вилояти Пахтакор туманида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Жиззах вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Улуғбек Мустафоев иштирок этди.
Йиғилишда ташкилий масала кўриб чиқилди. Унда Пахтакор тумани ҳокими вазифасини бажарувчи лавозимига Абдувоҳидов Ҳусан Бўлтаковичнинг номзоди тақдим этилди.

Вилоят ҳокимининг Абдувоҳидов Ҳусан Бўлтаковични Пахтакор тумани ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинлаш тўғрисидаги қарори депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Маълумот учун: Абдувоҳидов Ҳусан Бўлтакович тайинловга қадар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан амалга оширилаётган лойиҳада молиявий масалалар бўйича маслаҳатчи сифатида фаолият юритиб келган.

Эслатиб ўтамиз, Пахтакор тумани ҳокими лавозимини 2022 йилдан буён Ашуров Асилбек Раҳмонович эгаллаб келаётган эди. У сессия қарорига мувофиқ Шароф Рашидов тумани ҳокими этиб тайинланди.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири