Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасида "Пахтакор" кумуш, "Насаф" эса бронза медали соҳибига айланди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, Наманган шаҳрида ўтказилган “Навбаҳор” – “Пахтакор” қарама-қаршилигида 1:1 ҳисоби қайд этилди. Учрашувдаги голларга Игор Сергеев ва Забиҳилло Ўринбоев муаллифлик қилди.

Мазкур натижадан сўнг, бу йилги мавсумни Камолиддин Тожиев бошчилигидаги “Пахтакор” клуби 60 очко жамғариб, иккинчи ўринда якунлади. “Навбаҳор” эса 40 очко билан ҳозирча жадвалнинг 7-ўрнида қолди.
Қарши шаҳрида ўтган “Насаф” – “Динамо” баҳсида ҳисоб очилмади. Шу тариқа, “Насаф” Суперлигада 59 очко жамғариб, учинчи ўринни эгаллади. “Динамо” 58 очко билан тўртинчи поғонада қолди.

Дарвоқе, тўпурарлар рўйхатида “Пахтакор” ҳужумчиси Игор Сергеев 20 та гол урган ҳолда яққол пешқадам бўлиб турибди.
Агар эртага ҳисобида 16 та гол мавжуд бўлган “Сўғдиёна” жамоаси аъзоси Люпчо Дориев “Қўқон-1912” жамоаси дарвозасига бешта гол уролмаса, Игор жорий мавсум тўпурари бўлади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА