Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Пахтакор” муҳим ўйиндаги ғалабадан сўнг чемпионлик курашига қўшилди
10:44 / 2025-09-14

Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 21-турининг навбатдаги кунида "Пахтакор" – "Нефтчи" ва "Қўқон 1912" – "Қизилқум" клублари ўзаро рақобатлашди.

“Жар” стадионида турнинг марказий ўйини дея эътироф этилган "Пахтакор" ва "Нефтчи" учрашуви кескин ва муросасиз баҳсларга бой ўтди. Учрашувнинг 11-дақиқасида мезбонлар вакили Фламарионнинг қанотдан узатган тўпини Азизбек Турғунбоев баланд сакраб боши билан дарвозанинг яқин бурчагига тўпни жойлаб қўйган ҳолда ҳисобни очди. Орадан 12 дақиқа ўтиб, Фламарион ўйин қоидасини бузди ва майдондан четлатилди.  

Ушбу ҳолатдан унумли фойдаланган "Нефтчи" футболчилари бор эътиборларини ҳужумга қаратди. Натижада 39-дақиқада Икром Алибоев гол уриб, ҳисобни тенглаштирди. 45+6-дақиқада “Пахтакор” жамоаси аъзоси Ҳожимат Эркиновнинг ажойиб  тўп узатмасидан сўнг Ҳожиакбар Алижонов рақиб жарима майдончасига кириб борди ва уни рақиблар ўйин қоидасини бузган ҳолда йиқитди. Учрашув бош ҳаками Наим Қосимов ушбу воқеани ВАР орқали кузатди ва Фарғонанинг бош жамоаси дарвозаси томон пенальти белгилади.  

Ушбу 11 метрлик жарима тўпини 45+7-дақиқада миллий чемпионатимиз тўп урари Игорь Сергеев бехато бажарди ва жамоасининг иккинчи голига муаллифлик қилди. Ўзбек “Эл классикоси”нинг иккинчи бўлимида жамоалар бир қатор хавфли вазиятлар яратди, бироқ ҳисоб ўзгармади. Шу тариқа, “Пахтакор” 2:1 ҳисобида зафар қучиб, очколарини 39 тага етказиб олди ва учинчи ўринга кўтарилди. “Нефтчи” эса 42 очко билан иккинчи ўринда қолди.

Ўзбекистон Суперлигаси 21-туридан ўрин олган "Қўқон 1912" – “Қизилқум” учрашуви 2:1 ҳисобида якунланди.

Дарвоқе, бугун, Тошкентдаги "Олимпия" стадиони Суперлиганинг 21-туридан ўрин олган "Бунёдкор" ва "Хоразм" ўртасидаги учрашув 18:00 да старт олади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА