Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 5-тур учрашувлари ўз якунига етди. Мазкур турнинг сўнгги баҳслари доирасида 3 та ўйин ўтказилди.

Унда “Хоразм“ меҳмони бўлган ОКМК учрашувнинг 90+8 дақиқасида Ойбек Рустамов голи эвазига 0:1 ҳисобида зафар қучган бўлса, “Насаф“ ўз уйида “Сурхон“ клубини 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Ўйиндаги ягона голга 41-дақиқада Драган Черан муаллифлик қилди. Янги мавсумга ўзгача тайёргарлик кўрган пойтахтимизнинг “Пахтакор“ жамоаси, мухлислари учун яна бир кутилмаган натижани туҳфа этди. Гап шундаки, катта мақсадлар билан Суперлигани бошлаган “Шерлар” ўз уйида “Андижон“га 2:3 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.
Бешинчи тур якунларига кўра, Суперлига жадвалида ОКМК 13 очко билан яққол пешқадамга айланган бўлса, “Насаф” ва “Бунёдкор” 11 очко билан кучли учликдан ўрин олган. “Нефтчи”, “Андижон” ва “Динамо” клублари мусобақада 9 очко жамғарган ҳолда кейинги ўринларда бормоқда. “Навбаҳор” эса 8 очко билан 7-поғонадан жой олди. “Қўқон-1920”, “Бухоро” ва “Хоразм” жамоалари 6 очко тўплаган ҳолда кучли ўнталик рўйхатни якунлаб берди.
“Сўғдиёна” ва “Қизилқум” 4 очко жамғариб, 11-12-ўринда бормоқда. “Пахтакор”, “Сурхон”, “Машъал” 3 очко билан, “Шўртан” эса бор-йўғи 1 очкони қўлга киритиб, қуйи поғоналарга жойлашди.
Дарвоқе, “Қизилқум” ва “Хоразм” клублари қолган жамоаларга нисбатан битта ўйин кам ўтказган. 5-тур якунларига кўра, Луис Качори (“Бунёдкор”) 4 та гол билан тўпурарлар рўйхатини бошқармоқда. Уни Люпчо Дориев (“Сўғдиёна”) ва Зоран Марушич (“Нефтчи”) 3 та гол урган ҳолда таъқиб этмоқда.
Миллий чемпионатимизнинг 6-тури 18-20 апрель кунлари бўлиб ўтади. Унда қуйидаги учрашувларга гувоҳ бўламиз:
18 апрель:
“Қизилқум” – “Қўқон-1912”;
“Хоразм” – “Бунёдкор”;
19 апрель:
“Нефтчи” – “Пахтакор”;
“Шўртан” – “Машъал”;
“Бухоро” – “Насаф”;
20 апрель:
ОКМК – “Сўғдиёна”;
“Андижон” – “Динамо”;
“Сурхон” – “Навбаҳор”.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА