Пойтахтимизнинг бош жамоаси — “Пахтакор” футбол клуби Ўзбекистон Суперлигасининг якунига бир тур қолганда мамлакат чемпионига айланди.
Суперлига баҳсларининг 25-турида “Пахтакор” ва “Сурхон” жамоалари ўзаро рақобатлашди. Ушбу учрашувда мезбонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, очколар сонини 53 тага етказиб олди.
Маълумот учун, “Пахтакор” мамлакат биринчилигини илк маротаба 1992 йилда қўлга киритган. Шунингдек, 2019 йилдан бери чемпионлик тахтини ҳеч бир жамоага бермай келмоқда. Бу йилги муваффақиятдан сўнг эса “Пахтакор” мамлакатнинг 16 карра ғолибига айланди.
Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, пойтахтимизнинг бош жамоаси мусобақа давомида бор йўғи 4 маротаба мағлуб бўлди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, “Нефтчи” клубига икки маротаба, “Олимпик” ва “Андижон” жамоаларига эса бир мартадан имкониятни бой бериб қўйди. Шунингдек, “Насаф” билан икки марта, “Сўғдиёна”, “ОКМК” ҳамда “Андижон” билан бир мартадан дуранг қайд этди. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, “Пахтакор” ўтган 25-тур мобайнида “Андижон”, “Насаф” ва “Нефтчи” каби жамоаларни енга олмади. Энди чемпионатнинг сўнгги турида 1 декабрь куни “Бунёдкор” билан ўйин ўтказади.
Дарвоқе, “Бунёдкор” билан учрашувда “Пахтакор” мағлубиятга учраса ёки дуранг қайд этса, юқорида саналган натижаларимизнинг бири биттага ўзгариши мумкин.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА