Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пахтадан тайёр маҳсулотгача 100 фоиз ўзимизда бажарилмоқда
16:39 / 2021-10-08

Юртимиздаги илғор ислоҳотлар ҳар бир соҳада ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва диверсификация қилиш, маҳсулотни қайта ишлаш саноатини ривожлантириш борасида олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасида аграр соҳада фаолият юритишнинг янги тизими — кластер усули жорий этилди.

Қисқа давр мобайнида кластер усулида фаолият юритиш ўзининг ижобий томонларини кўрсатди. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига ресурсларни тежайдиган техника ва технологияларни жорий этиш, қишлоқ жойларга саноатни олиб кириш ва янги иш ўринларини яратиш, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, инфратузилмани ривожлантириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётир.  

Хусусан, пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилгани пахтани етиштиришдан то уни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот кўринишига келтиргунга қадар бўлган жараёнларни тизимли олиб бориш ва ушбу йўналишдаги улкан натижаларни қўлга киритишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Саъдулло Тожиев куни кеча Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан Халқаро пахта кунига бағишлаб ўтказилган тадбирда ушбу йўналишдаги ишлар, самарали натижалар хусусида сўзлаб берди.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда жуда катта ўзгаришлар юз бермоқда. Илм билан иқтисодиёт интеграцияси бир-бирига мужассамлашди.  

Президент ташаббуси билан ташкил этилган кластер тизими, хусусан, пахта етиштириш ва тўқимачилик соҳасидаги кластерлар ташкил этилиши соҳада инқилобий ўзгаришларни юзага келтирди. Бугун мамлакатимиз иқтисодиётида пахта-тўқимачилик кластери соҳанинг драйверига айланди десак, муболаға бўлмайди.  

Бугунги кунда республикамизда135 та пахта-тўқимачилик кластерлари инновацион технологияларни қўллаган ҳолда 1 миллион131 минг тонна пахта етиштиришга эришди. Ҳар бир гектардан олинадиган ҳосилдорлик йилдан-йилга ошиб бормоқда. Масалан, 2017 йилда 1 гектар майдондан 22 центнер пахта ҳосили олинган бўлса, жорий йилда 35 центнер мўлжалланмоқда.  

Саноат корхоналарини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ушбу соҳада ҳам ўз натижаларини бермоқда. Бугунга кунда  пахта толасини қайта ишлаш даражаси 100 фоиз ўзимизда амалга оширилмоқда. 49 пахта-тўқимачилик кластерларида пахтани қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш цикли яратилди. Илғор кластерлар пахтани қайта ишлаш эвазига жаҳон бозорида1,5-1,8 доллар атрофида бўлган 1 килограмм пахтани 15-20 долларга айлантиришга эришмоқда. Бу 10 баробар юқори даромад дегани.

Соҳа меҳнаткашларининг манфаатдорлиги янада ошди. Жумладан, пахта етиштиришда ўртача ойлик иш ҳақи  2019 йилда 1,4 миллион бўлган бўлса, 2020 йилда 2,2 миллион сўмга етди. Шунингдек, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пахтани қайта ишлашни амалга оширишга қаратилган лойиҳалар доирасида 2018 йилда 10 мингта, 2019 йилда 48,5 мингта янги иш ўрни яратилди.  

Далалардаги пахта ҳосилини йиғиб-териб олишда мажбурий меҳнатга буткул барҳам берилди. Натижада Ўзбекистонда етиштирилган пахта хомашёсининг тайёр тўқимачилик маҳсулотларини Европа Иттифоқи бозорларида бож тўловларсиз сотиш имконияти яратилди.  

Пахта-тўқимачилик кластерларини замонавий технологиялар, зарур техника воситалари билан таъминлаш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда, соҳага кўплаб хорижий мутахассислар жалб этилмоқда. Бундан кейин ҳам кластерларнинг янги инновацион ғояларни ўз ичига олган лойиҳаларини амалга ошириш учун энг сўнгги русумдаги, замонавий технологияларни олиб келишга тайёрмиз.  

 

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.

ЎзА