Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини, хусусан, пахтачилик тармоғини замонавий технологиялар асосида ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада Бухоро вилояти Олот туманидаги “Шукрулло Ўринов” фермер хўжалигида ҳам ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Фермер хўжалиги далаларида 20 КВТ қувватга эга қуёш панеллари орқали суғориш тизимининг энергетик таъминоти тўлиқ амалга оширилган. Бу тизим анъанавий энергия манбаларига боғлиқликни камайтириш билан бирга, харажатларни ҳам сезиларли даражада қисқартиради.

Хўжаликда 84 гектар майдонга Хитойнинг “Zoulin Tay-88” нави асосида чигит экилиб, томчилатиб суғориш технологияси ва замонавий агротехник услублар асосида парвариш қилинмоқда. Фермер хўжалигида барча асосий жараёнлар автоматлаштирилган. Чигит экиш, суғориш, дефолиация ва пахта терими каби босқичларда замонавий техникалар кенг жорий этилган. Бу эса нафақат меҳнат самарадорлигини оширади.

Фермернинг хитойлик олим-агрономлар билан йўлга қўйган яқин ҳамкорлиги мазкур ютуқларнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда. Пахта агротехникасида чет эл тажрибасининг татбиқ этилиши юксак ҳосилдорликнинг асосий сабабларидан.
Хўжаликда пахта терими ҳам замонавий техника – “JOHN DEERE” пахта териш машиналари ёрдамида олиб борилмоқда. “Мерган Текс” кластери томонидан олиб келинган бу машиналар бир кунда 20 гектардан ортиқ майдонни тозалаш ва 80 тоннагача ҳосилни йиғиб олиш имконига эга.
“Шукрулло Ўринов” фермер хўжалигида жорий этилган инновацион ёндашувлар, ресурсларни тежаш ва самарадорликни оширишга қаратилган технологиялар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида янги босқични бошлаб берди. Бу нафақат хўжалик даражасида, балки бутун тармоқда инновацион ривожланишнинг зарурияти ва фойдасини намоён этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА