Пахтачиликда сув тежовчи технологиялар ҳамда хорижий эртапишар, серҳосил навлар ҳосилдорлик самарадорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Жорий йилда Наманган вилоятидаги 28 минг гектар майдонга чет эл давлатларидан келтирилган серҳосил чигит навлари экилгани ўз самарасини берди. Айниқса, Хитой Халқ Республикасининг “Tianye plastic” компанияси билан ҳамкорликда синов ўтказилган ҳудудларда юқори ҳосилдорликка эришилди.
Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов ҳамда Хитойнинг “Tianye plastic” компанияси директори Ли Жуо Донг ўртасида бўлиб ўтган расмий мулоқотда қишлоқ хўжалиги соҳасида Шинжон усулида сув тежовчи технологияларни жорий этиш, келгуси йил пахта ҳосили учун режалаштирилган чигит экиладиган майдонларга етарли уруғлик чигитни олиб келиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Инвесторнинг таъкидлашича, Шинжон усулида ҳозирга қадар Тўрақўрғон туманида яхши натижаларга эришилди. Бу йил Учқўрғон туманида ўтказилган тажрибалар ҳам самарали бўлди, шу боис бу ҳудудда ушбу усул янада оммалаштирилади. Томчилатиб суғориш фақатгина пахтачиликда эмас, ғалла ва такрорий экинлардан мўл ҳосил кўтаришда ҳам ўз афзалликларини амалда исботлади.
[gallery-26074]
Наманганда кўп йиллардан буён ҳамкорликда фаолият юритиб келаётган мазкур компания томонидан эндиликда ўз тажрибали агрономларини ҳам жалб этиб, хизмат кўрсатишни янада яхшилаш юзасидан режалар билдирилди.
Вилоят ҳокими хорижий ғўза навлари экиладиган майдонларни янада кенгайтиришни режалаштирилаётгани, бунинг учун четдан олиб келинадиган уруғлик сифатига алоҳида эътибор қаратиш зрурлигини қайд этди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.