Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пахтачилик ва уруғчилик йўналишларида қўшма ташаббуслар муҳокама қилинди
11:18 / 2026-02-23

Мамлакатимизда текстиль саноатини модернизация қилиш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳим. Шу сабабли, тармоққа хорижий инвестицияларни жалб этиш, илғор технологияларни жорий этиш ва ишлаб чиқариш занжирини чуқурлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Ана шу ишлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Туркиянинг “DoCotton Group” компанияси бошқаруви кенгаши раиси Меҳмет Доғон бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув ўтказилди.

Музокаралар давомида мамлакат текстиль тармоғининг инвестициявий имкониятлари, саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқариш занжирини чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Айниқса, мулоқот чоғида пахтачилик тармоғида самарадорликни ошириш, илғор агротехнологияларни жорий этиш, уруғчилик тизимини такомиллаштириш ва сифатли уруғлик базасини шакллантириш йўналишларида ҳамкорлик имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, соҳада илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш, инновацион ечимларни амалиётга татбиқ этиш орқали ҳосилдорлик ва маҳсулот сифати кўрсаткичларини яхшилаш масалалари устувор вазифалар сифатида қайд этилди.

Шу билан бирга, томонлар пахтани чуқур қайта ишлашни кенгайтириш, юқори сифатли ип-калава ва мато ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, халқаро даражадаги брендлар яратиш ҳамда қўшилган қиймат занжирини кенгайтиришга қаратилган ташаббусларни ҳам муҳокама қилди. Бундай ёндашувлар миллий текстиль маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Учрашув якунида саноат корхоналарини модернизация қилиш, янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш ва экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича келишувларга эришилди.

Қайд этилганидек, мазкур ҳамкорлик йўналишлари Ўзбекистон текстиль тармоғининг барқарор ривожланиши, янги иш ўринлари яратилиши ва мамлакат иқтисодиётида саноат улушининг ортишига муносиб ҳисса қўшади.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА