Куз деҳқонларнинг йил бўйи қилган меҳнатлари сарҳисобини қиладиган фасл. Бу даврда етиштирилган ҳосил йиғиштириб олиниб, келгуси йилга тайёргарлик кўрилади. Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида пахта йиғим-терими авжига чиққан. Навоий вилоятида ҳам ушбу мавсум уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Жорий йил эрта баҳорда 862 та фермер хўжалиги томонидан 28 минг 155 гектар майдонга чигит экилган бўлиб, 105 минг тонна пахта ҳосилини йиғиштириб олиш режалаштирилган.
– Вилоятдаги пахтачилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликларига 4 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан хизмат кўрсатилади, – дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси пахтачилик бўлими бошлиғи Шербек Пардаев. – Жумладан, “Бахт текстиль” МЧЖ томонидан 11 минг 857 гектар, “Навбаҳор текстиль” МЧЖ томонидан 6 минг 960 гектар, “Текстиль Навоий Гроуп” МЧЖ томонидан 7 минг 100 гектар ва “Худойшукур бобо кластер” МЧЖ томонидан 2 минг 238 гектар майдонда пахта ҳосили етиштириш юзасидан фермерлар билан шартномалар тузилган. Жорий йил чигит экиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилганлиги, фермерларга ўз вақтида ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва кимёвий ўғитлар етказиб берилганлиги боис далаларда мўл ҳоси етиштирилди.
Вилоятда асосан чигитнинг “Султон”, “С-01”, “Бухоро-10”, “Бухоро-8”, “Бухоро-102” навлари экилиб, парваришланди. Ҳосилдорлик эса ўртача 37,3 центнер этиб белгиланган. Ҳозир шартнома режасини бажараётган фермерлар гектаридан 45-50 центнердан ҳосил олишмоқда.
“Аслиддин Асадбек” фермер хўжалиги раҳбари Алишер Маматов Кармана туманидаги илғор фермерлардан бири саналади. Фермернинг бугунги кунда 60 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, унинг 30 гектарига ғалла, 26 гектарига пахта экилади. Қолган майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озуқабоп экинлар етиштирилади.
– Ҳар йили ғаллачиликда ҳам, пахтачиликда ҳам олдимизга қўйилган мажбуриятларни ортиғи билан адо этамиз, – дейди Алишер Маматов. – Ўтган йили 27 гектар майдонга чигит қадаб, ўртача 47 центнердан ҳосил олган эдик. Даромадимиз ҳам шунга яраша бўлган эди. Фермер хўжалигимиз бўйича жами даромадимиз 450 миллион сўм атрофида бўлди. Ғалладан ҳам мўл ҳосил олиб, ҳосилдорлигимиз 80 центнерга етди. Бу йил ҳам режаларимиз улкан. 550-600 миллион сўм даромадни кўзлаб турибмиз. Айни пайтда 50 бош қорамолимиз бор, сут ва гўшт ҳам етиштирамиз. 180 ўринга эга хусусий боғчамиз бор. Бу маҳсулотлар боғчамизга ҳам етказиб берилади.
Бугунги кунда фермер хўжалигида 6 нафар доимий, 40 нафар мавсумий ишчи меҳнат қилмоқда. Ёз бўйи қилинган меҳнат бугун ўз самарасини кўрсатмоқда. 8 иш кунида режа ортиғи билан бажарилди. Ўртача ҳосилдорлик 50 центнерни ташкил қилмоқда. Далаларда ҳосил ҳали мўл. Иккинчи терим якуни билан ҳосилдорлик яна 5 центнерга ортиши кутилмоқда.
[gallery-13695]
Ҳозир фермер пахта далаларида 200 нафар теримчи пахта термоқда. Нурхон Худойназарова, Азиза Султонова, Нилуфар Файзиева, Гулзода Номозова сингари теримчилар кунига 160-200 килограмдан пахта тераяпти.
– Гарчи ўзим қўшни Навбаҳор туманининг Янги куч маҳалласида яшасам-да, 15 йилдан буён фермер даласида меҳнат қиламан, – дейди Нурхон Худойназарова. – Фермеримиз томонидан ишчилар учун барча шароит яратиб берилган. Ўз вақтида ойлигимизни олиб турибмиз. Терган пахтамиз учун терим пулини олдик. Беш кунлик учун бир миллион уч юз минг сўм олдим. Баракасини берсин.
Айни кунларда Навоий вилоятда пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА