Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида пахта йиғим-терими авжига чиққан. Навоий вилоятида ҳам ушбу мавсум уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Карманалик Ибодат Шодиева ҳам ушбу мавсумда фаол иштирок этаётган илғор теримчилардан. Гарчи Ибодат опа 63 ёшни қаршилаган бўлса-да, ўз ўрнини пахта даласида, деб билиб маҳалла аёлларига ўрнак бўлиб келмоқда. У ҳар куни 100-150 кг атрофида “оқ олтин” териб, улкан хирмон бунёд этилишига ўз ҳиссасини қўшмоқда.
– Ҳар йили пахта йиғим-терими мавсумида далага чиқиб пахта тераман. Пенсиядаман, деб қараб ўтирмайман. Уйда ўтирсам зерикиб қоламан. “Бекорчидан ҳамма безор”, деганларидек, тинч ўтира олмайман. Учта фарзандим, бешта неварам бор. Уларга меҳнат қилиш одам соғлиги учун ҳам, оила бюджети учун ҳам фойда эканлигини тушунтираман. Фермерлар ҳар беш кунда терган пахтамиз учун ҳақ тўлашмоқда. 1-1,2 миллион атрофида пахта пули олмоқдаман. Оиламиз учун, невараларим учун ишлатаман бу маблағни, – дейди И.Шодиева.
[gallery-25561]
“Умиджон – 2004” фермер хўжалиги раҳбари Икром Розиқов Кармана туманидаги илғор фермерлардан бири саналади. Фермер бугунги кунда 25,5 гектар ерда ғалла, 31,5 гектар ерда эса пахта экиб, деҳқончилик қилади.
– Ҳар йили ғаллачиликда ҳам, пахтачиликда ҳам олдимизга қўйилган мажбуриятларни ортиғи билан адо этамиз, – дейди И.Розиқов. – Ўтган йили 27 гектар майдонга чигит қадаб, режани 110 фоизга бажарган эдик. Бу йил ҳам режани ортиғи билан уддаладик. 160 тоннадан зиёд ҳосил йиғиштириб олдик. Далаларимизда ҳали ҳосил бор. Теримчиларимиздан Инобат Шодиева, Саодат Ҳамдамова, Ойзода Шукурова, Шаҳло Розиқова, Тамара Абдуллаева каби теримчиларимиз кунига 100-200 кг атрофида пахта териб, режамизнинг бажарилишига муносиб ҳисса қўшди. Ғаллачиликда ҳам мўл ҳосил етиштирдик. Ўртача ҳосилдорлигимиз 80 центнерни ташкил этди.
Бугунги кунда фермер хўжалигида 12 нафар доимий ишчи меҳнат қилмоқда. Ёз бўйи қилинган меҳнат бугун ўз самарасини бериб турибди. Ўтган йилдаги каби бу йил ҳам режа ортиғи билан бажарилди. Ўртача ҳосилдорлик 52 центнерни ташкил қилмоқда. Далаларда ҳосил ҳали мўл. Иккинчи терим якуни билан ҳосилдорлик яна 2-3 центнерга ортиши кутилмоқда.
– Бу йил эрта баҳорда маҳалламиз ҳудудида 4 та фермер хўжалиги ерга чигит қадаган эди, – дейди Жалойир маҳалласи раиси Дилшод Рўзиев. – Бугунги кунга қадар “Умиджон – 2004” фермер хўжалиги ўз олдига қўйган мақсадига эришди. Ҳозирда пахта йиғим-терими кетаётган 2 та фермер даласида 200 нафар теримчи пахта термоқда. Улар учун барча шароитларни яратиб бермоқдамиз. Дала бошида иссиқ сув ва иссиқ овқат ташкил этилган. Терилган пахта учун ҳар беш кунда пуллари тўланмоқда.
Айни кунларда вилоятда пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари