Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Пахта йиғим-терим ишлари авжида
16:00 / 2024-10-10

Куз деҳқонларнинг йил бўйи қилган меҳнатлари сарҳисобини қиладиган фасл. Бу даврда етиштирилган ҳосил йиғиштириб олиниб, келгуси йилга тайёргарлик кўрилади. Шу кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида пахта йиғим-терими авжига чиққан. Навоий вилоятида ҳам ушбу мавсум уюшқоқлик билан олиб борилмоқда.

Жорий йил эрта баҳорда вилоятда 862 та фермер хўжалиги томонидан 28 минг 155 гектар майдонга чигит экилган бўлиб, 105,7 минг тонна пахта ҳосили йиғиштириб олиш режалаштирилган. 

– Вилоятдаги пахтачилик билан шуғулланувчи 906 та фермер хўжаликларига 4 та пахта-тўқимачилик кластери томонидан хизмат кўрсатилади, – дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси пахтачилик бўлими бошлиғи Шербек Пардаев. – Жумладан, “Бахт текстиль” МЧЖ томонидан 18 минг 905 гектар, “Навбаҳор текстиль” МЧЖ томонидан 6 минг 960 гектар, “Навоий Файзком текстиль” МЧЖ томонидан 2 минг 168 гектар ҳамда Кармана, Қизилтепа ва Хатирчи Элита уруғчилик хўжаликлари 122 гектар майдонда пахта ҳосили етиштириш юзасидан фермерлар билан шартномалар тузилган. Жорий йил чигит экиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилганлиги, фермерларга ўз вақтида ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва кимёвий ўғитлар етказиб берилганлиги боис далаларда мўл ҳосил етиштирилди. 

Вилоятда асосан чигитнинг “Султон”, “С-01”, “Бухоро-10”, “Бухоро-8”, “Бухоро-102” навлари экиб, парваришланди. Ҳосилдорлик эса ўртача 36 центнер этиб белгиланган. Ҳозирда шартнома режасини бажараётган фермерлар гектаридан 40-50 центнердан ҳосил олишмоқда. 

[gallery-19684]

Бу йил карманалик фермерларнинг 134 нафари 4595 гектар майдонга чигит қадашган эди. Бугунги кунда барча фермер далаларида йиғим-терим ишлари давом этмоқда. Шуни таъкидлаш ўринлики, бу йил ўтган йиллардагидан фарқли ўлароқ айрим фермер хўжаликларида пахта терим машиналарида териб олинмоқда. 

– Маҳалламиз ҳудудида 11 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, шу кунга қадар “Ибрат”, Аҳмад” ва “Аҳмад Санжар” фермер хўжаликлари белгиланган шартнома режаларини ортиғи билан бажарди, – дейди Кармана туманидаги Шибзон маҳалласи раиси Абдулла Эргашев. – Ҳудудимиздаги “Абдураҳмон” ва “Болта Рашид Кармана” фермер хўжаликлари эса лизинг асосида пахта териш машинаси сотиб олган эди. Терим машиналари унум билан ишлатилмоқда. Шунингдек, ҳар куни 450 нафарга яқин теримчи фермерлар далаларида терим жараёнларида иштирок этмоқда. 
“Абдураҳмон” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Қодиров Кармана туманидаги илғор фермерлардан бири саналади. Фермернинг бугунги кунда 73 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, унинг 33 гектарига ғалла, 40 гектарига пахта экилади. 

– Ҳар йили ғаллачиликда ҳам, пахтачиликда ҳам олдимизга қўйилган мажбуриятларни ортиғи билан адо этамиз, – дейди Баҳодир Қодиров. – Ўтган йили 44 гектар майдонга чигит қадаб, ўртача 43 центнердан ҳосил олган эдик. Бу йил 2 миллиард 140 миллион сўмга 10 йиллик муддатга лизинг асосида 2 қаторлик пахта териш машинаси сотиб олдик. Кунига 15-20 тонна атрофида пахта теряпмиз. Фермер хўжалигимиз кўп тармоқли хўжалик ҳисобланади. Пахтачилик ва ғаллачиликдан ташқари, асаларичилик тармоғимиз бор. Шунингдек, тадбиркорлик йўналишларимиз ҳам самарали фаолият кўрсатмоқда. 

Бу йил етиштирган пахта ҳосилини машинада тераётган фермер хўжаликларидан яна бири Умрзоқ Болтаев раҳбарлик қилаётган “Болта Рашид Кармана” фермер хўжалигидир. Фермернинг 37,1 гектар пахта майдони мавжуд бўлиб, чигитнинг “Султон” навини экишган. Ўртача 41 центнердан ҳосил олишни ният қилган фермер бу йил яхши ниятлар билан “Boshiran” русумли тўрт қаторлик пахта териш машинасини лизинг асосида сотиб олди. 

– Мазкур юқори унумдор пахта териш машинаси 76-90 схемада экилган пахта майдонлари учун мўлжалланган, – дейди терим машинаси оператори Ҳалим Нарзиев. – 4 қаторлик пахта териш машинаси билан кунига ўртача 30 тонна пахта теряпман. Бу қўл теримидаги 400-450 нафар кишининг меҳнатига тенг деганидир. Машина кабинаси комфорт. Барчаси автоматлаштирилган. 8-10 соат ўтирсангиз ҳам чарчамайсиз. 

Айни кунларда вилоятда пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. 

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари