7 октябрь – Халқаро пахта куни
Пахтачилик Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг муҳим соҳаси, иқтисодиётнинг асосий бўғини саналади. Пахта хомашёси, ғўзанинг барглари, поялари, чаноқлари ва чигитидан 100 дан ортиқ маҳсулот тайёрланади. Яъни, ушбу экиндан чиқитсиз тўлиқ фойдаланилади. Ҳозирги кунда Ўзбекистон ғўза экин майдони бўйича (1,0-1,1 миллион гектар) дунё мамлакатлари орасида олтинчи ўринни, пахта толасини етиштириш бўйича (0,8-0,9 миллион тонна) бешинчи ўринни эгаллаб келмоқда.

Маълумотларга кўра, бир тонна пахта бир йилда ўртача 5 кишини иш ўрни билан таъминлайди. Қуруқ иқлим шароитларида ҳам етишадиган пахта дунё аҳлини кийим-кечакка бўлган эҳтиёжининг 27 фоизини қоплайди. Ундан ёғ олинади, чигитидан чорва молларини озиқлантиришда фойдаланилади. Ҳозирда эса пахтадан инновацион маҳсулотлар яратишда кенг фойдаланилмоқда.
2019 йилнинг 7 октябрида Жаҳон савдо ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти котибиятлари билан ҳамкорликда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг савдо ва тараққиёт бўйича конференцияси, Халқаро савдо маркази ва Халқаро пахта бўйича маслаҳат қўмитаси биринчи марта жаҳон пахта кунини эълон қилди. Шундан буён 7 октябрь кунини Халқаро пахта куни сифатида кенг нишонлаш анъанага айланиб бормоқда. Шу кунда ўтказиладиган тадбирлар пахтачиликни, пахтани қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, соҳада ўтказиладиган тадқиқотлар ва ишланмаларни қўллаб-қувватлаш, соҳада халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш ва бошқа амалий чораларни белгилашга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида Халқаро пахта кунига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Вазирликда ташкил этилган ярмарка ва кўргазмаларда пахтадан олинадиган маҳсулотлар намойиш қилинди. Илмий-амалий конференцияда олимлар ва мутахассислар ўз маърузаларини тақдим этди. Шунингдек, инновацион ва амалий лойиҳаларнинг тақдимотлари ўтказилди.

Мутахассисларнинг сўзларига кўра, яхши ҳосил бераётган навларнинг супер элита ва элита уруғларини кўпайтириш бўйича илмий ташкилот ва уруғчилик корхонасини белгилаш, мақбул навларни ҳудудларда кўпайтириш ва экиш бўйича кластерларга кўрсатма ва буюртмалар бериш Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Пахтачилик кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади.
Сўнгги уч йилда соҳани рақамлаштириш бўйича 10 та ахборот тизимлари ишлаб чиқилиб, жорий этилди. Қишлоқ хўжалиги ерлари ва экинларини мониторинг қилишга мўлжалланган Геоахборот тизими ишлаб чиқилиб, ғўза ривожланиши ҳолатини масофадан аниқлаш ва таҳлил қилиш йўлга қўйилди. 3,2 млн. гектар суғориладиган экин майдонларида барча турдаги экинлар мониторинги йўлга қўйилди.
Бугунги кунда республикада 134 та пахта-тўқимачилик кластерлари фаолият юритмоқда. Уларнинг 103 тасида 2 млн. 536 минг тонна пахтани қайта ишлаш ҳамда 41 та кластерда 193,5 минг тонна мато ишлаб чиқариш қувватлари мавжуд. Пахтага агротехник ишлов бериш ва ундан юқори ҳосил олишни илмий асосланган технологиялар асосида ташкил қилиш мақсадида 16 та пахта-тўқимачилик ишлаб чиқариш кластерларига 31 нафар олим бириктирилган.
Илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида пахта-тўқимачилик кластери тизимини ривожлантириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган умумий қиймати 36,1 миллиард сўм бўлган 21 та лойиҳа 11 та олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари томонидан бажарилмоқда.
Тадбир давомида пахта-тўқимачилик кластерлари ва илмий тадқиқот муассасалари ўртасида илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий қилиш ҳамда ҳамкорлик тўғрисида келишувлар имзоланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IjI5GRkcelU" title="Пахта хомашёсидан 100 дан ортиқ маҳсулот тайёрланади" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Тошқораева, ЎзА